Тошкентнинг Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган Mangal fest фестивалида 2 август куни бир неча фуқаролар жанжаллашди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг билдиришича, мазкур фестиваль тинч ва осойишта ўтишини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жалб қилинган. Бироқ айрим фуқаролар жамоат тартибини бузиб ўзаро жанжаллашган.
“Шу ерда хизмат олиб бораётган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ушбу жанжал тўхтатиб қолинди ҳамда оғир оқибатлар содир этилишига йўл қўйилмади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, жанжаллашган фуқароларнинг барчасининг шахси аниқланиб, профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида яқин орадаги ИИБга олиб борилган.
Видеода акс этган ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоат тартибини бузишда иштирок этган фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Ижтимоий тармоқларда айтилишича, ушбу фестивалда кўплаб пиво брендлари намойиш этилган. Бу Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган иккинчи фестивал. 27—29 июнь кунлари пиво фестивали — Beer fest ўтказилганди. “Миллий тикланиш” партияси раиси ўринбосари Феруза Муҳамеджонова: “бу тадбир халқнинг миллий анъана ва ўзлигига тупуриш”, дея кескин муносабат билдирганди. Партия раиси Алишер Қодиров ҳамкасби фикрларига қўшимча равишда фестиваль ташкилотчилари жазоланиши лозимлигини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)