Ҳар куни эрталаб уйғонганингизда биринчи нима қиласиз? Эҳтимол, сиз ҳам биринчи бўлиб Instagram’га кирарсиз. Балки, TikTok сизни ухлаб ётган миянгизни уйғотаётган ягона нарса бўлиб қолгандир... Тан олинг, сиз ҳам қулсиз. Мана бу телефон ва ўнлаб ижтимоий тармоқларнинг қулисиз. Балки буни тан олишни истамассиз, аммо рад этишга ҳам журъатингиз етмайди.
Бугуннинг болалари кўчада ўйин ўйнашмайди, улар қувлашмачоқ, бекинмачоқ каби ўйинларни аллақачон онлайнларига алмаштириб бўлишган. Дўстлик, таниш-билишлик ришталари ҳам аллақачон обуначи тушунчаси билан ўрин алмашган. Баъзан яширилиши керак бўлган оилавий икр-чикирларни ҳам оммага ошкор этишнинг воситаси айнан ижтимоий тармоқ бўлиб қолган.

Яқинларингизнинг таваллуд куни билан ҳам айнан ижтимоий тармоқлар орқали табриклайсиз. Касал қариндошингиздан кўнгил сўраш ҳам унинг ёрдамида амалга оширилади. Балки ишонмассиз, аммо у ҳаётимизнинг бир эмас жуда катта бўлаги бўлиб қолган.
2025 йили халқаро статистика хулосаларига кўра, дунё бўйича энг кўп ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган давлат бу Филлипин экан. У ерда кунига 4 соат 5 дақиқа, Бразилияда 3 соат 44 дақиқа, Нигерияда 3 соат 49 дақиқа, Жанубий Африка ва Чилида 3 соат 34 дақиқа, Туркияда 2 соат 56 дақиқа, Мисрда эса 2 соат 40 дақиқа, Ҳиндистон 2 соат 29 дақиқа вақт сарфлашар экан.
Ўзбекистонда-чи? Тўғри, ҳозирча бу бўйича ҳеч қандай статистик маълумот йўқ, аммо ишонч билан айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши ва унга кўп вақт ажратиш борасида юқорида тилга олинган давлатлардан у қадар ортда эмасмиз. Менимча, керакли контентларга нисбатан нокеракларига кўпроқ вақт ажратамиз. Соатлаб YouTube ва Instagram’даги қисқа видеоларни кўрадиганлар ҳам етарлича топилади.
2024 йилнинг апрель ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Instagram фойдаланувчилари сони 9 427 600 тани ташкил қилган. Бу Ўзбекистон аҳолисининг 27 фоизини ташкил этади.
Facebook фойдаланувчилари сони эса 2024 йил декабрь ойи ҳолатига кўра, 10 096 600 тани ташкил этган. Бу Ўзбекистон аҳолисининг 28.9 фоизини қамраб олган дегани.
Messenger фойдаланувчилари сони эса 2 275 500 тага етган ва бу Ўзбекистон аҳолисининг 6.5 фоизини ташкил этади.
Ижтимоий тармоқлар зарарлими?
Албатта йўқ. Унинг ҳам фойдали жиҳатлари кўп. Унинг ёрдамида алоқа осонлашиши билан бирга, даромад қилиш, таълим олиш ёки ижодкорлик қобилиятини намоён этиш ҳам мумкин. Унинг жамият бирлашувидаги муҳим жиҳатини эса сўз билан таърифлаб бўлмайди. Сир эмас, кейинги вақтларда мудраётган давлат ташкилотларини уйғотаётган ҳам ижтимоий тармоқлар бўлиб қолган. Йиллаб ечимини топмаган масалалар ёки умуман эътибор ҳам берилмаган масалалар ижтимоий тармоқларда тилга олингач, ҳал этилади.

Яқинда бир танишим билан ижтимоий тармоқлардан камроқ фойдаланиш ҳақида баҳслашиб қолдик. У вақтнинг “ўғриси” эканини ва кейин савиясиз вайнерларнинг маъносиз вайнларини кўриб, киши фойда топмаслигини айтдим. “Эҳ, сиз уларнинг қанчалик машҳур эканини билмайсиз, унинг 1,5 миллионта кузатувчиси бор. Сизнинг бир ойлик маошингизни битта рекламасидан топади”, деб қолди. Балки... даромад топар аммо бундан 1 миллионта обуначига нима фойда?! Агар айримлар ўйлагандек, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланиш ва обуначиларининг сонининг кўплиги замонавийликнинг белгиси бўлса, билмадим...

Дарвоқе, таҳлилларга кўра, Буюк Британия, Франция ва Германия ижтимоий тармоқларга нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлишар экан. Яъни улар қанчалик замонавий ва ривожланган мамлакат бўлмасин, кунига бор йўғи, ўртача бир ярим соат вақт сарфлашаркан. Балки ишонмассиз, жуда кўп техник ихтироларнинг муаллифи бўлган ва узоқ умр кўриш, соғлом яшаш борасида дунё бўйича етакчилик қиладиган Япония ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш борасида ортда қолиб кетган экан. У ерда кунига кўпи билан атиги 47 дақиқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланишар экан. Танишимнинг фикрларидан келиб чиққан ҳолда айтсак, Япония замонавийликдан ортга қолган, қолоқ давлатми?
Балки ишонмассиз, кузатишларимизга кўра, ўзбекистонлик ўсмирлар кунига ўртача 6-7 соат ижтимоий тармоқлардан фойдаланишмоқда. Айниқса, TikTok, Instagram ва YouTube тармоғидаги қисқа видеолар уларнинг энг севимли контентлари бўлиб қолган.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ижтимоий тармоқларда бўлган қарамлик жиддий касалликларга ҳам сабаб бўлади.
Доимий таққослаш, “идеал ҳаёт” суратларини кўриш руҳий тушкунликни келтириб чиқаради. Бу эса инсонда депрессия ва стрессни келтириб чиқаради.
Кишида ижтимоий изоляция ҳисси ортади, яъни у ўз-ўзини паст баҳолайди.
Information overload – ортиқча маълумот босими мияни чарчатади. Керакcиз маълумотлар билан тўлган мия кераклисини қабул қилишга ўзида куч тополмайди.
Ижтимоий тармоқларга қарам кишиларда Insomnia яъни уйқусизлик пайдо бўлади. Чунки кечаси телефон экранидан чиқадиган кўк нур мелатонин гормони ишлаб чиқарилишини тўхтатади ва бу уйқу сифатини пасайтиради.
Attention Deficit — бу тиббий терминни эътибор етишмовчилиги деб таржима қилсак бўлади. Яъни телефонга қарам кишиларда диққатни жамлаш муаммоси юзага келади.
Кўз, елка ва бўйин касалликларини келтириб чиқаришини эслатиш шарт эмас. Чунки соатлаб телефон экранига тикилган инсонда бундай муаммоларнинг келиб чиқиши табиий.
Эксперимент: сиз ҳам қараммисиз?

Дофамин — бу миядаги “бахт гормони” ҳисобланади. У бизни рағбатлантиради, қувонч ва завқни ҳис қилишимизга ёрдам беради. Ижтимоий тармоқларда лике, фоллоw ва янги хабарлар олиш мияда дофамин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Киши ўзи билмаган ҳолда тез-тез ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига кириб, уларни кузатади. Аммо доимий ва ҳаддан ташқари фойдаланиш дофамин тизимини чарчатади. Миядаги дофамин рецепторлари сезгирлиги камаяди. Натижада кишида кайфиятсизлик ва тушкунлик хавфи ошади. “Йўқ, мен ижтимоий тармоқларга қарам эмасман, менда ҳеч қандай жиддий ўзгариш йўқ”, дейишга шошилманг. Буни ҳозироқ синаб кўришимиз мумкин. Агар 5 дақиқа ичида телефонга уч марта қарасангиз демак сиз ҳам қарамсиз!
“Хавфли вирус”— ўлимга сабаб бўлиши мумкин!

Балки телефон ёки ижтимоий тармоқларга бўлган қарамликни вақтинчалик эрмак деб ҳисоблаётгандирсиз. Аммо у ҳақиқатан ҳам хавфли вирус, баъзи ҳолларда кишининг ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин. 2025 йилнинг 24 апрель куни ҳиндистонлик инстаблогер Миша Агравал ўз жонига қасд қилди. У икки кундан кейин 25 ёшни қаршилаши керак эди. Синглиси Мукта Агравал Hindustan Times ва The Indian Express нашрларига берган интервьюсида опаси бир неча ҳафтадан буён депрессияда бўлганини, айниқса Instagram’даги обуначилари камайгани сабабли ўзини керакcиздек ҳис қилаётгани ҳақида айтганини эслади. Миша бир миллион обуначига эришишни орзу қилган ва обуначиларнинг камайиши унга руҳий зарба бўлган.

Аммо бу воқеа биринчиси ҳам охиргиси ҳам эмас. АҚШда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида депрессия ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 2010 йиллардан бошлаб кескин ошган. Сўнгги тадқиқотларга кўра, бу ҳолат ижтимоий медиа билан чамбарчас боғлиқ экан.
JAMA тиббиёт журнали маълумотларига кўра, улар 4 йил давомида 9–11 ёшдаги болаларни кузатишган. Экран билан компулсив боғлиқлик сабаб ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли 2–3 баробар юқорироқ эканини аниқлашган.

Бизга анчайин яқин бўлган қўшни Қозоғистонда ҳам жуда қўрқинчли воқеа содир бўлган. 2005 йилда туғилган қиз ота-онаси томонидан телефон ишлатишига тақиқ қўйилганидан сўнг, ўз жонига қасд қилган. Бу 2018 йилнинг январь ойида содир бўлган ва расман тасдиқланган. Озарбайжонда эса телефон сабаб бундан-да даҳшатли жиноят содир этилган. Хачмаз туманида 15 ёшли бола ўз онасини ўлдирган. Бунга сабаб бола онасидан ўйин ўйнаш учун телефонини сўраган. Онасидан рад жавобини олгач, уни пичоқлаб ўлдирган. Ўшанда бола эндигина 9-синфда таҳсил олаётганди. Полиция ходимлари уни қўлга олишган ва тегишли тартибда жавобгарликка тортишган.
Нималарга эътибор керак?
-9HFucOD9.avif)
Биринчидан, ортиқча маълумотлар жуда чалғитади, биз уларни сезмай қабул қиламиз ва шу билан диққатимизни йўқотамиз. Шунинг учун кун бўйи телефонда ўтиришни тўхтатиш ва ундан камроқ фойдаланишни ўрганишга биринчи навбатда бош экран ва ижтимоий тармоқларни тозалаш керак: керакcиз иловалар, контактлар ҳамда обуналарни ўчиринг. Бу “тўлиқ тозалаш” деб аталади. Эсда тутинг:ббир ой давомида керак бўлмаган нарса кейинчалик ҳам керак бўлиши эҳтимолдан йироқ.
Иккинчидан, қайси ижтимоий тармоқлар кўпроқ чалғитишини ўйлаб кўринг ва уларнинг белгиларини бош экрандан олиб ташланг. Унутманг, уларни бутунлай ўчирмаяпсиз, фақат вақтинчалик ўзингизни чеклаяпсиз. Бу тақиқлаш эмас, балки орттирилган одатларга қарши курашишдир.
Учинчидан, интернетда сарфлайдиган вақтингизни қисқартириш учун иловаларга чекловлар ўрнатинг. Телефонда ижтимоий тармоқлар, янгиликлар сайтлари ва кўнгилочар хизматлардан фойдаланишни чеклаш имконини берувчи функциялар мавжуд. Масалан, кунига 30 дақиқалик чеклов ўрнатиш мумкин. Белгиланган вақт тугагач, телефон бу ҳақда хабар беради ҳамда киришни кейинги кунгача блоклайди.
Тўртинчидан, телефонда узоқ вақт ўтиришни тўхтатишнинг энг яхши усули — бу оила ва анъаналардир. Яқинларингиз билан кечқурун ёки кечки овқат пайтида телефонларни четга қўйиш ва бир-бирингиз билан суҳбатлашиб, вақтни мароқли ўтказиш ҳақида келишиб олинг.
Унутманг, кунни қандай бошлашингиз унинг самарадорлиги ва умумий кайфиятингизга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Самарадорликни ошириш учун уйғонганингиздан сўнг дарҳол телефонингизни қўлингизга олмасликка ҳаракат қилинг. Бу сизни ишдан чалғитиши ва кайфиятингизни бузиши мумкин бўлган эрталабки билдиришномалар ва хабарларни текшириш одатидан қутулишга ёрдам беради.

Ёдда тутингки, ҳаётингиз айнан ҳозир кечаётган воқеликдир, уни виртуал дунёга сарфламаслик керак, чунки унда ҳақиқий ҳаётдагига қараганда самимийлик камроқ. Агар кунига ўртача 4 соат вақтингизни ижтимоий тармоқларга сарфлаётган бўлсангиз, сиз нималарни йўқотишингизни ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. Бир қарашда 4 соат сизга оздек туюлиши мумкин, аммо бир ой давомидаги фойдаланиш сабаб, сиз ойида 120, йилига эса 1 460 соат вақтингизни йўқотасиз. Бу тўлиқ 60 кунни яъни икки ой вақтингизни телефон экранига тикилиш билан ўтказдингиз дегани. Энди ўйлаб кўринг, 2 ой ичида сиз нима қилишингиз мумкин эди?
✅ Янги тил ўрганиш
✅ Китобхонлик одатини шакллантириш
✅ Спорт билан шуғулланиш
✅ Оилангиз, дўстларингиз билан кўпроқ вақт ўтказиш
✅ Мустақил касб ёки фреелансерликни бошлаш
Хулоса ўрнида шуни айтоламанки, ижтимоий тармоқ восита бўлиши керак, мақсад эмас. Акс ҳолда, биз телефонни эмас, телефон бизни бошқаради.
Наргиза Муродова
Изоҳ (0)