Миср, Қатар, Саудия Арабистони ва Иордания Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракатининг бошқарувини тугатишга чақирувчи ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда DPA агентлиги ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга таяниб хабар берди.

Мазкур баёнотга Буюк Британия, Франция, Канада, Бразилия, Италия, Испания, Норвегия ва Ирландия ҳам имзо чеккан. Аммо Германия ушбу ҳужжат эълон қилинган пайтда уни қўллаб-қувватлаган давлатлар рўйхатида бўлмаган.
Етти саҳифалик ҳужжатда Яқин Шарқдаги можарони тугатишга доир аниқ қадамлар белгиланган. Жумладан, ҲАМАС ўз ҳукмронлигини якунлаб, Ғазодаги қуролларини Фаластин мухториятига топшириши лозим. Шунингдек, ҳужжатда 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан Исроилга уюштирилган ҳужум қоралангани қайд этилган.
Ҳужжат Нью Йоркда “икки давлат ечими” бўйича ўтказилган конференция доирасида имзоланган. У сентябрь ойигача БМТ томонидан расман қабул қилиниши кутилмоқда. Унгача яна бир қанча давлатлар уни қўллаб-қувватлаши мумкин.
Исроил Ғазога ҳужумларини тўхтатиши керак
Ҳужжатда Исроилга ҳам мурожаат қилинган. Имзоловчи давлатлар Исроилдан Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги яҳудий кўчманчилар фаолиятига барҳам беришни талаб қилган. БМТ ҳузурида барқарорлаштириш кучларини тузиш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланган.
Баёнотда Фаластин давлатининг халқаро миқёсда тан олиниши “икки давлат ечими”нинг ажралмас ва муҳим қисми экани таъкидланган.
Изоҳ (0)