Apple компанияси 9 август куни Хитойнинг Паркланд Mall савдо марказидаги 2015 йилда очилган дўконини ёпади. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Савдо маркази Хитойда истеъмол харажатларининг камайиши фонида фаолият юритишда қийналмоқда. Michael Kors, Armani, Coach ва Hugo Boss каби машҳур брендлар ҳам бу ердаги дўконларини аллақачон ёпиб кетган.
Паркланд Mallʼдаги бир қанча чакана сотувчиларнинг чиқиб кетганини инобатга олиб, биз ҳам дўконимизни ёпишга қарор қилдик, деди Apple вакили Брайан Бамбери.
Ушбу ёпилиш Apple брендининг Хитойдаги фаолиятида илк марта юз бераётган ҳодисадир. Бу компаниянинг минтақадаги мураккаб аҳволини акс эттиради. Хитой Apple учун аҳамияти бўйича АҚШдан кейин иккинчи йирик бозор ҳисобланади. Бироқ сўнгги олти чоракда компаниянинг Хитойдаги савдоси изчил пасаймоқда.
Бундай пасайиш, айниқса, Huawei, Xiaomi ва Vivo каби маҳаллий компанияларнинг кучайиб бораётган рақобати фонида кузатилмоқда. Counterpoint Research маълумотларига кўра, 2024 йил давомида Appleʼнинг Хитойдаги смартфон бозоридаги улуши 17,9 фоиздан 15,5 фоизгача қисқарган.
Изоҳ (0)