Голливуд актёри Брюс Уиллиснинг деменция касаллиги шу даражада кучайганки, у деярли гапира олмайди, ўқимайди ва юришда ҳам оқсоқланмоқда, деб ёзади Тҳе Эхпресс Tribune.

Жорий йил апрель ойида актёрнинг оиласи баёнот эълон қилиб, касаллик оғирлашаётганига қарамай, унинг ҳолати барқарор экани ҳақида мухлисларни тинчлантирган эди. Бироқ энди севимли актёр гапириш қобилиятини деярли йўқотгани, китоб ўқимаслиги ва ҳаракатланишда муаммолар кузатилаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
2023 йил февраль ойида Брюс Уиллиснинг оиласи актёрда пешона ва чакка соҳаларига таъсир қилувчи касаллик — фронтотемпорал деменция (ФТД) ташхиси қўйилганини маълум қилган эди. Бу касаллик когнитив қобилиятларнинг аста-секин йўқолишига олиб келади.
Бу деменциянинг эрта бошланишига олиб келадиган нейродегенератив касаллик бўлиб, 70-75 фоиз ҳолларда 40 ёшдан 65 ёш оралиғида кузатилади. Статистик маълумотларга кўра, ФТД барча деменция ҳолатларининг 20 фоизини ташкил қилади. Уни даволаб бўлмайди, бемор охир-оқибат тилдан қолиш, мантиқий фикрлаш ва мустақил ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотиши мумкин.

Брюс Уиллиснинг актриса Деми Мур билан никоҳидан уч нафар фарзанди бор. Улар биргаликда Румер, Таллула ва Скаут исмли қизларни вояга етказган. Ижодкорлар 1987 йилдан 2000 йилгача 13 йил бирга яшаган. Ажрашганига қарамай, улар ҳануз кўп вақтни биргаликда ўтказади. 2009 йилда Брюс ўзидан 23 ёш кичик модел Эмма Ҳемингга уйланган. Улар ҳозирда Мейбел Рей ва Эвелин Пенн исмли икки қизни тарбияламоқда.
Оиласи уни қўллаб-қувватлаш учун актёр билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда унинг соғлиғи ҳақида маълумотлар ҳам бериб боришяпти.
Изоҳ (0)