Тошкент вилоятида юзларини яширган уч киши тўлов терминалини ўғирлади. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

“Миллар” дастурида хабар қилинишича, воқеа 15 июль куни соат 02:46 атрофида юз берган. Уч киши давлат рақамлари ечилган Captiva автомобилида дўкон олдига келган. Улар машинадан тушиб, тўлов терминалини демонтаж қилиб, автомобиль салонига юклаган ва воқеа жойидан яширинган. Ҳодиса дўкон ёнида ўрнатилган кузатув камерасига тушиб қолган.
Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Жиноят кодексига кўра, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ўғрилик содир этиш БҲМнинг 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шу каби ҳолат бир неча йил аввал Тошкент вилояти Ўрта Сҳирчиқ туманида содир бўлганди. Уч киши 145 миллион сўмлик банкоматни ўғирлаб, ичидан ичидан пул чиқмагач, дарёга оқизиб юборганди.
Изоҳ (0)