Тошкент вилояти Ўрта Сҳирчиқ туманида «Капиталбанк» АТБга тегишли банкоматни ўмарган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, банк амалиёт бошқарувчиси Ўрта Сҳирчиқ туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Унда 26 январь кунига ўтар кечаси номаълум шахс томонидан Ўрта Сҳирчиқ тумани Тошкент йўли кўчасига ўрнатилган 145 миллион сўмлик банкомат ўғирлаб кетилгани ҳақида маълум қилган. Ходим ушбу номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида жиноят шу туманида яшовчи Э.А. (24 ёшли), С.Н. (22 ёшли) ва Й.Д. (23 ёшли) томонидан бир гуруҳ бўлиб содир этилгани аниқланган.
Тергов давомида қонунбузарлардан мазкур банкоматни қаерга яширганлари сўралган. Улар банкоматни темир жисм ёрдамида бузиб очганини, бироқ банкомат ичида пул бўлмагани сабабли уни Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсига ташлаб юборганини маълум қилган.
Ҳозирда ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Изоҳ (0)