Дунё бўйлаб тарқалган базалар Қўшма Штатларни глобал қудратга айлантирди. Бироқ бу уларни ҳар томондан келувчи таҳдидлардан ҳимоялашдек жиддий муаммони ҳам пайдо қилади. Мазкур вазифа учун америкаликларда вақт синовидан ўтган, аниқлиги ва мобиллиги билан кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолган тизим – Patriot бор. У, айниқса, Украина уруши билан боғлиқ воқеалар фонида тез-тез тилга олинди.
М-104 Patriot АҚШ армиясининг асосий ҳаво мудофаа тизимидир. У дронлардан тортиб баллистик ракеталарга қадар кенг спектордаги ҳаво таҳдидларини зарарсизлантириш имкониятига эга. Уни лойиҳалаш устидаги изланишлар 1960 йилларга келиб бошланди. Боиси ўшанда америкаликлар эскириб бораётган Nike Hercules ва Hawk ҳаво мудофаа тизимлари ўрнини босиш учун янги тизимга зарурат борлигини англаб етишди.
Шундай қилиб, лойиҳа билан асосий пудратчи сифатида Райтҳеон шуғуллана бошлади. Компания дастлабки прототип билан синовларни 1969 йили ўтказди. Ишлаб чиқариш жараёнларини эса 1976 йилдан йўлга қўйилди. Эътиборлиси, Райтҳеон конвеерларидан ҳозир ҳам янги тизимлар чиқмоқда.
1981 йили АҚШ ҳарбийлари янги тизимнинг илк батареясини қабул қилиб олди. Бироқ у хизматга кириши биланоқ эскириб бўлганди. Боиси дастлабки модел ўша давр учун асосий таҳдид ҳисобланган самолётлар ва вертолётларни тутиб олишга мўлжалланган эди. Совет ракетасозлик саноати кескин ривожлангач, тизимнинг дастурий таъминотини янгилашга зарурат туғилди. Шундай қилиб, у қанотли ва баллистик ракеталарни ҳам тутиб олиш имконига эга бўлди.

У қандай ишлайди?
Patriot бир неча компонентлардан иборат мураккаб комплексдир. Батареяни бошқариш учун қўмондонлик маркази, кириб келаётган таҳдидларни аниқлаш, кузатиш ва ракеталарни йўналтириш учун радар, учириш платформаси ҳамда буларнинг барини электр билан таъминлайдиган генератор шулар жумласидан.
Ўзаро уйғунликда ишловчи мазкур технологик занжирнинг дастлабки ҳалқаси кўп функцияли радар бўлиб, у модификациясига қараб 67,5 ёки 90 даража бурчакни сканерлайди. Patriot учун кўз вазифасини бажарадиган тизим 120 километр масофадаги 100 га яқин нишонларни кузатиши мумкин. Агар таҳдид баллистик ракета бўлса, уни аниқлаш масофаси 60 километргача қисқаради.
Шундан сўнг, радардан олинган маълумотлар бошқарув марказига юборилади. Бу ерда нишон тезлиги, парвоз траекторияси каби ахборотлар қайта ишланиб, учириш платформасига кўрсатма берилади. Уларнинг ҳар бири 4 тадан 16 тага қадар ракета сақлаши мумкин. Мана шундай платформаларнинг саккизтасини бошқариш учун атиги битта қўмондонлик маркази кифоя қилади. Бутун батареяни қувват билан таъминлайдиган дизель генераторлари эса 150 киловатт энергия ишлаб чиқаради. Бутун жараённи 90 кишилик персонал назорат қилади.

АҚШ муҳандислари Patriotъни ҳозирги даражага олиб келиш учун ярим аср меҳнат қилишди. Тизим аниқлиги, жанговар радиуси кескин оширилди. Ҳозир у PAC-2 ҳамда PAC-3 ракеталарини қўллайди. Улардан биринчиси юқори портловчи жанговар каллак билан жиҳозланган бўлиб, 97 км масофадаги таҳдидларни зарарсизлантира олади. Қарийб бир тонна вазнига қарамай, у ўз тезлигини 5630 км/соатга етказа олади. Ракета “прохимитй фусе” механизми асосида ишлайди. Яъни у нишон яқинига бориб, портлайди. Натижада портлашдан ҳосил бўлган бўлаклар таҳдидни йўқ қилади ёки йўналишидан буриб юборади.
PAC-3 эса аввалги моделдан нисбатан қисқароқ жанговар радиусга эга. У тахминан 40 км масофадаги таҳдидларни зарарсизлантира олади. Вазни ҳам уч баробар енгилроқ. Бироқ унинг устун томони ҳам шунда. Битта учириш қурилмасига PAC-2 ракеталаридан тўртта, PAC-3 моделидан эса 16 та жойлаштириш мумкин.

Қолаверса, уни лойиҳалашда фойдаланилган технологиялар ҳам эски моделдан ажралиб туради. Масалан PAC-3 “ҳит то килл” технологияси асосида ишлайди. Яъни у нишонни бевосита урилиш билан зарарсизлантиради. Бироқ бу ракеталар арзон эмас. Ҳар бири 4 миллион АҚШ долларига баҳоланади. Қолаверса, уларни ишлаб чиқариш имконияти ҳам чекланган. Райтҳеон ишлаб чиқариш занжирини Lockheed Мартин билан бўлишган. Шунга қарамай, уларнинг конвеерларидан ҳар йили 740 та ракета чиқади. 2027 йилга бориб, рақамларни 1100 тага етказиш режа қилинган.
Patriot жанговар амалиётда
Райтҳеон ҳозир қадар жами 17 та давлатга 240 дан ортиқ тизим етказиб берган. Уларнинг дастлабкиси 1991 йил жанговар синовдан ўтган. Тизим ўша йилнинг 18 январь куни Саудия Арабистонида жойлашган АҚШ базаси томон Ироқдан учирилган Сcуд баллистик ракетасини тутиб олган. Ўшанда Қўшма Штатлар бошчилигидаги коалиция Кувайтни босиб олган Ироқ кучларига қарши жанг олиб бораётган эди.
Patriotнинг илк жанговар синови ҳақидаги хабар қисқа вақт ичида газеталар бош саҳифасидан жой олди. Бироқ орадан бир ой ўтгач, матбуот АҚШ учун қора кун ҳақида хабарлар чоп этди. Боиси Patriot Ироқдан учирилган ракетани тутиб олишда адашиб, бу 28 нафар америкаликнинг ўлимига сабаб бўлди. Аммо бу Райтҳеон ишлаб чиққан ҳаво мудофаа тизимининг самарасини шубҳа остига олишлари учун ягона сабаб эмасди. 1992 йилга келиб бир йил муқаддам тарихий воқеа сифатида таърифланган кейс юз бермагани ойдинлашди. Яъни Patriot ҳеч қандай ракетани тутиб олмаган. Шунчаки унинг дастурий таъминотида муаммо бўлган.

Шундан сўнг, ишлаб чиқарувчи хатоларни тузатишга киришди. Муҳандислар ракетанинг PAC-2 ва PAC-3 модификацияларини ишлаб чиқди. Улар дастлабки имтиҳонни АҚШ Ироққа бостириб кирган 2003 йили топширди. Эътиборлиси, Patriot бу сафар панд бермади. Маълум қилинишича, у тўққизта ракетадан барчасини уриб туширган.
Кимларда Patriot бор?
Германия Федератив Республикаси мазкур тизимларни сотиб олган илк хорижий давлат бўлди. 1983 йили мамлакат Совет Иттифоқидан ҳимояланиш учун 24 та комплекс учун шартнома имзолади. Яқин Шарқдан эса Саудия Арабистони биринчи харидорга айланди. Қироллик шу кунга қадар Patriotъларни Яман ҳусийлари томонидан учирилган дрон ва ракеталарни тутиб олиш учун ишлатган. Бироқ уларнинг самарадорлиги баҳсли масала. Операцион тарихдан нишонлар уриб туширилган ҳолатларни ҳам, муваффақиятсиз кейсларни ҳам топса бўлади.
Аммо яҳудий давлати томонидан сотиб олинган тизимлар ўзини яхши намоён қилган. Исроил 2014 йили уларнинг ёрдами билан Суриянинг Голан тепаликлари бўйлаб парвоз қилаётган Су-24 бомбардимончисини уриб туширган. Бироқ Тель-Авив ўз ихтиёрида мавжуд саккизта батареяни хизматдан чиқарди. Улар Украинага берилиши мумкинлиги ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар мавжуд.
Кенг кўламли босқиндан сўнг Ғарб давлатлари Украинани ҳаво ҳужумларидан ҳимоялаш учун Patriot тизимлари билан таъминлай бошлади. Улар Россия қуролли кучлари томонидан учирилган баллистик ракеталарни тутиб олишга қодир ягона комплекс ҳисобланади. Украиналиклар Совет Иттифоқидан мерос қолган С-300 тизими учун ракеталарни ишлатиб бўлди. Германиянинг ИРИС-Т тизими эса баллистик траектория бўйича парвоз қиладиган ракеталарни тутиб ололмайди. Киевда назарий жиҳатдан бунга қодир яна бир тизим – Франция ва Италия ҳамкорлигидаги САМП/Т бор. Бироқ у Patriot каби юқори самара кўрсатмайди.
Украина шу кунга қадар иттифоқчиларидан тахминан 8 та комплекс қабул қилиб олган. Улардан тахминан иккитаси хизматга қабул қилинмагани, қолгани эса асосан пойтахт Киевни ҳимоя қилаётгани айтилади.

Хабарларга кўра, тизим таҳдидларни бартараф этишда 90-95 фоиз аниқлик кўрсатган. Аммо бу даъволарни мустақил тасдиқлаш имконсиздир.
Изоҳ (0)