Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қалбаки дори ишлаб чиқариш ва савдоси билан шуғулланган яширин цех фаолиятига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан божхона идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган шахс томонидан ижара асосида олинган Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у нафақат қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқариш, балки унинг ноқонуний савдоси билан ҳам шуғуллангани аниқланган.
Дори воситаларини тайёрлашга мўлжалланган яширин цехда тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва хавфсизлиги кафолатланмаган 49 номдаги 594 127 дона “Фуцис”, “Просулпин”, “Урсосан”, “Арбидол” ва бошқа дори воситалари топилди. Таъкидлаш лозимки, бу дорилар 50 та асбоб-ускуналар, хусусан, станок ва қолиплар ёрдамида қўлбола усулда тайёрлаб келинган. Шунингдек, бу ерда сифат талабларига жавоб бермайдиган 168 килограмм дори воситаларининг хом ашёлари, этикетлари, йўриқномалар, қоғоз қутилар, бўш идишлар ҳамда капсулалар ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу шахснинг Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги яшаш хонадони ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 2 турдаги 28 640 дона тиббиёт дори воситалари, 2 турдаги 75 дона ампула, 2 турдаги 46 дона идишда суюқлик, 3 номдаги 26 та турли дори воситаларининг этикеткалари, номсиз 18 минг 280 дона суппозиторийлар ва уларнинг маркалари, 1 номдаги 40 дона капсула, шу билан бирга, турли хил номдаги дори воситаларининг бўш қутилари ҳамда 3 дона темир қолиплар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Терговга қадар текширув давомида, яширин цех ташкилотчиси дори воситаларини тайёрлаш учун керакли хом ашёларни интернет тармоғи орқали номаълум шахслардан буюртма орқали сотиб олгани аниқланган. Ашёвий далил сифатида олинган мазкур дори воситалари ва асбоб-ускуналарнинг умумий қиймати қарийб 10 миллиард сўмни ташкил қилади.
Таъкидланишича, қўлбола усулда ишлаб чиқарилган дори воситалари Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги бир нечта дорихоналарга тарқатилган бўлиб, давом эттирилган фаол тадбирлар натижасида мазкур дори воситаларининг савдосига чек қўйилди.
Ҳозирда цех ташкилотчисига нисбатан Жиноят кодексининг 186-3 моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирда эса, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс ва унинг шериги, пойтахтдаги банклардан бирининг 1996 йилда туғилган ходими ўзаро келишган ҳолда Хитойдан олиб келинган 798 та қутидаги 574 560 дона инфузион система тиббий буюмларини 55 минг 700 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тегишли хулосага кўра, умумий қиймати 1 млрд сўмни ташкил қилган мазкур тиббий буюмлар фойдаланишга яроқсиз ҳисобланиб, Ўзбекистон ҳудудида сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Март ойининг бошларида Сурхондарёда сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ярим миллиард сўмлик дори сотаётган дорихона аниқланганди. Февраль ойида Жиззахда 588 млн сўмлик сифати кафолатланмаган дорилар сотувга чиқиб кетишининг олди олинганди.
Изоҳ (0)