Тошкентдаги меҳмонхонада россиялик Инесса Paperная ва унинг ҳамроҳи вафот этгани бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Дарё” сўровига кўра маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, 4 кишига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
“Лента” нашри ва “Профил” журналида ишлаган 47 ёшли Инесса Paperная Ўзбекистонга таътилга келганди. 2024 йилнинг 20 октябрида Тошкентдаги Karaman Palace меҳмонхонаси ходимлари Инесса Paperная ва ҳамроҳининг жасадларини ўз хонасида ҳаёт белгиларисиз топганди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўлим бассейн тозалангандан сўнг меҳмонхона вентиляция тизимига тушган газдан заҳарланишдан келиб чиққан. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланди. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, уларнинг ўлимига ис гази ва водород сулфидидан заҳарланиш сабаб бўлган. Техник экспертиза ўтказилганда меҳмонхонадаги иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат муддати тугагани аниқланган.
23 октябрь куни меҳмонхонада ўлик ҳолда топилган россияликлар жасади юртига юборилди.
Изоҳ (0)