Вазирлар Маҳкамасининг 19 мартдаги қарори билан “Дипломатик хизмат аълочиси” ва “Дипломатик хизмат фидойиси” кўкрак нишонлари таъсис этилди.
“Дипломатик хизмат аълочиси” кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва мамлакат обрўйини ошириш ҳамда давлатнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий манфаатларини самарали илгари суриш борасидаги вазифаларни ватанпарварлик руҳида, сидқидилдан ва намунали тарзда бажараётган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ходимлари тақдирланади.
Ушбу унвонга сазовор бўлган шахсларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
“Дипломатик хизмат фидойиси” кўкрак нишони билан эса сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама алоқаларининг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшган чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан, хорижда доимий яшайдиган ватандошлар тақдирланиши белгиланган.
Кўкрак нишонлар ва уларнинг гувоҳномалари мукофотланган шахсларга 1 сентябрь — Мустақиллик куни арафасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа раҳбар шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.
Изоҳ (0)