Кўпчилик чўпонликни эркаклар қилади, уларга ярашади, деб ўйлайди. Аммо аёллар орасида ҳам бу касбни танлаганлар бор. Айдаркўл соҳилларига туташ қишлоқларда чўпонлик қилаётган аёлларнинг донғи бутун Навоийга ёйилган. «Дарё» мухбири умрини туёқ боқиб, даштда ўтказаётган, касби орқали қоракўлчилик ва чорвачилик соҳалари ривожига ҳисса қўшаётган чўпонлар билан суҳбатлашди.
«Сулоланинг учинчи авлодиман»
Шаҳло Зиятова Нурота тумани марказидан 85 километр узоқда жойлашган Темирқовуқ қишлоғидаги даштда яшайди. Айдаркўл соҳилларига туташган ҳудудда чўпонлик қилаётган бу аёл ёшлигида ўқитувчи бўлишни орзу қилган. Бироқ тақдир уни ўзи ҳам кутмаган йўлларга етаклаган.
«Нуротанинг Қизилча қишлоғида туғилганман. Болалигимда ўртоқларимга қўшилиб, уйимиздаги қўй ва молларни тоғларда боқардим. Лекин келажакда чўпон бўлишни орзу қилмаганман, ҳатто хаёлимга ҳам келмаган. Асосий мақсадим ўқитувчи бўлиб, мактабда ишлаш эди. Аммо тақдиримга чўпонлик ёзилган экан.
1995 йили Темирқовуқ қишлоғидаги чўпон оиласига келин бўлиб тушдим. Бу ерлар чўл ҳудуди эканига бошида чўлда яшаш қандай бўларкан, деб ўйланганман. Чунки илгари даштларни кўрмаганман-да. Лекин вақт ўтган сари барига кўникдим.
Қайнота-қайнонам ҳам чўпон бўлишган, давлатимизнинг турли унвон ва медалларига лойиқ кўрилган. Айниқса, қайнонам катта чўпон эдилар. Уларнинг ёнида қўйларга қараб, ёрдам бериб юрган пайтларимда кўп нарсани ўрганиб, тажриба тўплаганман, десам ҳам бўлади. 1999 йили «Нурота» наслчилик ширкат хўжалигида чўпон ёрдамчиси сифатида иш бошладим. 2017 йилдан бери «Нурота қоракўл наслчилик» масъулияти чекланган жамиятининг 3-сон бўлимида бош чўпонман. Турмуш ўртоғим ушбу жамиятда зоотехник.
Турмуш ўртоғим оилада катта фарзанд бўлгани учун қайнона-қайнотамнинг касбини учинчи авлод сифатида биз давом эттиряпмиз», — дейди Шаҳло опа.
«Чўпон учун тўртала фасл ҳам қийин кечади»
Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг иш вақти қишин-ёзин эрталаб соат 05:30—06:00 дан бошланади. У ҳудуддаги оғир табиий шароитга қарамай, касбини севиб, меҳнат ва ҳаракат қилмоқда.
«Ҳар йили давлат билан шартнома тузамиз. Қўзилар, сифатли қоракўл тери ва жун етиштириб топширамиз. Шартларни ортиғи билан бажарсак, маошимизга мукофот пуллари ҳам қўшиб берилади. Ҳозир 400 бошга яқин қўйимиз бор. Ҳаммасини бир вақтда бирга боқмаймиз. Туғадиган қўйлар алоҳида, катта қўзилар алоҳида яйловга олиб чиқилади. Майда қўзилар уйимиз атрофида боқилади.
Чўпон учун йилнинг тўртала фасли ҳам қийин кечади. Октябрь ноябрь ойларида совлиқларни уруғлантириш, март ойидан қўзилатиш жараёнлари бошланади. Август охирларида эса қўзилар оналаридан айрилади. Қўчқорлар билан қарироқ қўйларни ширкатга топширамиз, совлиқлар ва қўзилаганлари ўзимизда яна кўпайтириш учун олиб қолинади.
Ёзда ем-хашак йиғиб, совуқ кунларга тайёргарлик кўрамиз. Қўйларни қишдан омон олиб чиқиш жуда оғир ва янада масъулиятли жараён. Қор ёққан пайтларда озгина бўлсаям яйловда боқамиз, айлантирамиз. Қиш қаттиқ келса ёки бўрон бўлса, қўйларни яйловларда эмас, қўрада боқишга мажбурмиз, шундай кунларда кўп ем-хашак кетади. Қўзиларни совуқ кунларда музлаб қолиш ҳолатлари ҳам бўлиб туради. Уларни печка ёқиб, иситиб, ёшига етказамиз. Икки йилдан бери жазирама бўляпти. Саратондан олиб чиқиш ҳам осон эмас.
Бир тарафимиз Нурота тоғ тизмаси, бир томонимиз Айдаркўл бўлгани учун бўри, шоқол ҳам уч-тўрт йилда бир оралайди. Қўраларга кирган пайтлар ҳам бўлган. Қўйларни эҳтиёт қилиш учун қўралар атрофига катта чироқлар ўрнатганмиз, уч-тўртта чўпон итлар боқамиз. Ён-атрофимиздаги бирор чўпон қўрасига ёввойи жондор ҳужум қилса, бошқа чўпонларга бу ҳақда албатта, хабар беради. Шундан кейин машиналарнинг эски баллонларини ёқиб, устига шиферларни ташласак, чарсиллаган товушлар чиқади. Буни эшитган йиртқич қўраларимизга келмайди. Бу каби қийинчиликларни фақат ўзимиз кўриб, ҳис қилганимиз учун сўз билан тасвирлаб беролмайман», — дейди у.
«Касбим орқали президент билан кўришдим»
Шаҳло Зиятова чўпон бўлганидан сира афсусланмаслигини айтади. Касби орқали президент Шавкат Мирзиёев назарига тушди, фарзандларини олий маълумотли қиляпти.
«Чўпонлик сердаромад касб, дея кўпчилик ҳавас қилади. Ҳамма соҳа эгалари сингари чўпон ҳам касбини севса, ҳалол меҳнат қилса, кўп нарсага эришади. Буни ўз ҳаётимда кўрдим ва ҳозиргача гувоҳ бўляпман.
Яқинда туман ҳокимлигидан телефон қилиб, 8 март байрами муносабати билан Тошкентда ўтказиладиган байрамда меҳмон бўлиб келасиз, дейишди. Таклифдан қувондим ва бордим. Тадбир давомида «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилганимни, президентимиз қўлидан мукофот олишимни умуман ўйламагандим. Бу мен учун кутилмаган ва эсдан чиқмайдиган воқеа бўлди. Ўтган йили Нурота ҳокими «Мустақилликнинг 30 йиллиги» кўкрак-нишони топширганди. Ўшанда ҳам жуда хурсанд бўлгандим.
Хўжайиним билан уч ўғил ва бир қизни тарбиялаб, вояга етказдик. Икки келиним бор, катта ўғлим оиласи билан Тошкентда, яна бири Самарқандда яшайди. Қизим пойтахтда олий ўқув юртида таҳсил олади, кенжа фарзандим касб-ҳунар коллежи талабаси. Сулоламизни кичик ўғлим ва унинг бўлажак аёли давом эттирар балки, деб ўйлаймиз (кулади). Чўпонлик орқасидан кам бўлмаяпман, ҳаммаси учун шукр», — дейди 46 ёшли Шаҳло Зиятова.
«Аждодларим орасида чўпон бўлмаган»
Нуроталик Ойдиной Саъдуллаева ҳам чўпон хонадонига келин бўлган. Унинг фаолияти эса тўрт йил аввал бошланган.
«Мактабни битирадиган йилим онам қаттиқ касал бўлиб, анча пайт тўшакда ётди. Ўшанда шифокор бўлиб, беморларга ёрдам беришни мақсад қилганман. Аммо онам вафот этганидан кейин отам: «Қизим, бўйинг етиб қолди. Тўйингни кўрсам, армоним қолмасди», деб турмушга узатган. 21 ёшимда қўшни қишлоққа келин бўлдим.
Қайнотам чўпон бўлгани учун менда ҳам шу касбга қизиқиш уйғонди. Янги келинлик пайтимданоқ уйдаги отни миниб, қўй ва молларни боқишда кўмаклашардим. 2018 йили «Нурота қоракўл наслчилик» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Россиядан зотдор эчкилар олиб келди. Таваккал саккиз ойлик 600 бош улоқчани қабул қилиб, МЧЖнинг 2-сон бўлимида чўпонликни бошлаб юбордим. Унгача уй бекаси эдим. Аждодларимиз орасидан умуман чўпон чиқмаган.
Яширмайман, бошида қийналган пайтларим кўп бўлди. Чунки ҳам иш, ҳам оиладаги юмушларни тенг бажаришга доим ҳам вақт топа олмасдим. Яқинда хонадонимизга келин тушириб, анча енгилладим. Турмуш ўртоғим жуда яхши инсон. Ҳар доим мени қўллаб-қувватлайди, маслаҳат ва ёрдам беради», — дейди у.
«Қуёшни яйловда кутиб оламиз»
Чўпоннинг айтишича, улар уч ёшга тўлган эчкиларни гўшт учун ширкатга топширади, она эчкилар эса кўпайтириш учун олиб қолинади.
«Иш куним тонг отмасидан бошланади, қуёшни яйловда кутиб оламиз. Соат 05:30 ларда от эгарига ўтириб, эчкиларни яйловда боққани олиб чиқиб кетаман. Тушликкача айлантириб, уйга қайтаман. Кечга яқин кенгликларга чиқамиз. Турмуш ўртоғимда 300 бошга яқин қўй, менда эса 400 бош эчки бор. Бундан ташқари, уйдаги сигир, қўй ва отларимизни ҳам даштда боқиб келамиз.
Ўтган йили 200 бош она эчкимиз туғди. Улоқчалар ўзимизга ташлаб кетилади. Уларни фарзанд катта қилгандек асраб-авайлаймиз, уч ёшигача боқамиз. Ширкатдаги мутахассислар тез-тез келиб, текширади, дори-дармон қилади. Ҳар йили шартномага кўра МЧЖга гўштбоп эчкилар ва сифатли жун топширамиз. 2021 йилда 200 кило жун, уч ёшга тўлган 400 бош эчкини эса гўштга топширдик. Уларнинг ҳар биридан 30-35 кило гўшт чиқади.
Асосий қийинчилик ёғингарчилик пайтларда бўлади. Ёмғир, қор ёғиб, қўралардан чакки ўтганда эчки ва қўйларнинг тагини қуритамиз, қорларни кураймиз. Бу ишларга вақт кўп кетганига ёрдамчилар ёллаймиз. Ёввойи ҳайвонлар ҳужумининг олдини олиш учун кеча-ю кундуз назорат қилиб, ярим тунда ҳам ем-хашаклар берамиз. Ҳайвонларни суғориш учун бир нечта қудуқ қазиганмиз. Етти тонналик ҳовузга қудуқлардан сув йиғиб, шу орқали туёқларни суғорамиз.
Ҳамма соҳа вакили меҳнатига муносиб пул топганидек, биз чўпонлар ҳам ҳаракатимиз ва ризқимизга яраша даромад оламиз. Қишда ёғингарчилик яхши бўлса, баҳорда ўт-ўланлар кўпаяди, даромадимиз ҳам яхши бўлади. Ширкатга топшириладиган улоқлар сони, гўшт ва жунлар килосига қараб маош берилади. Кузда ғамланган ем-хашаклар харажати ҳам қоплаб берилади. Асосан ёғингарчилик бўлган пайтларда бироз қийналамиз. Чунки қўй ва эчкиларни яйловга олиб чиқолмаймиз», — дейди Ойдиной опа.
«Эчки боқиб, бировдан кам бўлмаяпмиз»
Апрель ойида ўзининг 50 ёшини қарши оладиган қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи билан тўрт фарзандни вояга етказди.
«Чўпон бўлганимдан ҳалигача афсусланмайман. От минганимда ёки кўча-кўйда «чўпон аёл», деб аташганида касбимдан фахрланиб кетаман. Табиатни, далаларни жуда яхши кўраман. Эчки, қўй боқиб, бировдан кам бўлганимиз йўқ. Шу касб ортидан қозон қайнатиб, тўй қиляпмиз, фарзандларимни ўқитяпмиз. Икки ўғлим олий ўқув юртида билим олади. Энг кичиги касб-ҳунар мактаби ўқувчиси. Қизимни турмушга узатиб, бир келинлик бўлдим.
Шу йили Тошкентга бориб, кўрсатувда меҳмон бўлиб қайтдим. Artel компанияси вакиллари ҳам совға билан йўқлаб келишди. Бу каби эътибор оила аъзоларимни ҳам қувонтиради», — дейди Ойдиной Саъдуллаева.
Миролим Исажонов суҳбатлашди.
Изоҳ (0)