Тошкентдаги 188-сонли мактабда болани калтаклаган аёл бошқа бир қанча ҳуқуқбузарликлар содир этгани аниқланиб, жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар қилди.
Маълум қилинишича, 24 сентябрь куни 1980 йилда туғилган Р.О. қизи Ж.Р. (2010 йилда туғилган) таҳсил оладиган Яшнобод туманидаги 204-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб, мактаб директорининг ММИБ ўринбосари бўлган аёл Ғ.М.га нисбатан жисмоний куч ишлатган.
Аёлдан жамоат тартибига риоя қилиш сўралганида, мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларига нисбатан ғайриижтимоий муносабатда бўлиб, уларнинг қонуний талабларини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатган. Ушбу ноқонуний ҳаракатларини Р.О. кўплаб мактаб ўқувчилари кўз ўнгида содир этган.
25 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Р.О. суд томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддасининг 1-қисми (Миллий гвардия ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 197-5-моддаси (таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) билан айбдор деб топилди.
Унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМ нинг 3 баравари (1 020 000 сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 380 000 сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
“Педагог ва тарбиячилар тегишли вазифа ёки лавозимга тайинланишидан аввал махсус психологик кўрикдан ўтказилиши керак. Номуносиб хулқли, бола соғлиғи учун хавфли шахслар таълим-тарбия муассасаларида фаолият юритишига йўл қўйиш мумкин эмас”, дейилади болалар омбудсмани хабарида.
Р.О.нинг Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабда 6-синф ўқувчисига нисбатан содир этган ҳаракати юзасидан ҳозирда терговга қадар текширив ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)