Исроил мудофаа кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасига қарши давом этаётган “Шимол ўқлари” операцияси доирасида янги зарбалар сериясини эълон қилди.
Исроил армияси Ливан пойтахти Байрутга “мақсадли зарба” берганини маълум қилган.
Кун давомида Исроил армияси Ливан шарқидаги Бекаа водийсида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” нишонларига ҳаво ҳужумлари уюштиргани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Исроил армияси Ливаннинг айрим жанубий ҳудудларига ҳам ҳужум қилган.
“Нишонларга қўмондонлик марказлари, қуроллар сақланадиган бинолар ва бошқа террор инфратузилмаси киритилган”, дейилади Исроил армияси хабарида.
Исроил томонининг қўшимча қилишича, зарбалар натижасида Ливанда иккиламчи портлашлар қайд этилган, бу зарар кўрган биноларда қурол сақланганлигидан далолат беради.
23 сентябрь куни Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Ливанда “Шимол ўқлари” деб номланган ҳужум операциясини эълон қилган эди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху маҳаллий аҳолини “Ҳизбуллоҳ” муассасалари яқинидаги ҳудудларни тарк этишга чақирган.
Ҳужумларнинг биринчи кунида, Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 558 киши, шу жумладан, 50 нафар бола ва 94 нафар аёл ҳалок бўлган, яна 1835 киши жароҳат олган. Мамлакат жанубидаги минглаб аҳоли уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Изоҳ (0)