Украина президенти Владимир Зеленский кенг кўламли уруш уни қандай ўзгартирганини маълум қилди. Бу ҳақда у Тhе New Yorker’га берган интервьюсида айтди.
Агар мен ҳақимда гапираётган бўлсангиз, ҳали ҳам ўзимни қўлга олиб турибман... Эҳтимол, илгаригига қараганда камроқ ҳис-ҳаяжонга бериладиган бўлиб қолганман. Бунга шунчаки вақт йўқ. Худди асосли мулоҳазалар ва далиллар келтириш учун вақт йўқлигидек, деди сиёсатчи.
Зеленский ҳозир фақат интервью пайтида овоз чиқариб ўйлаш имкониятига эга бўлганини таъкидлади.
Мен қўл остимда ишловчилар ва ҳукуматдаги ҳамкасбларим билан бундай қилмайман. Агар ҳар бир қарорни бир соат давомида ўйлаб ўтирсам, кунига атиги икки ёки учта қарор қабул қила олардим. Аммо мен йигирмата ёки ўттизтасини қабул қилишга мажбурман, деди у.
Украина президенти урушнинг дастлабки кунларида мамлакатда тартибсизлик ҳукм сурганини эслади.
Одамлар мамлакатнинг бутунлай босиб олинишидан қўрққанда, ҳеч ким нима қилишни билмасди. Баъзилар бир томонга, ҳуқуқ-тартибот идоралари бошқа томонга қочишди. Ҳатто президентнинг қаёққадир қочиб кетгани ҳақида миш-мишлар ҳам тарқалди. Бу хаос эди. Аслида, мен қолганлар орасида эдим ва бу хаосга барҳам бердим, деди сиёсатчи.
Зеленский илгари оммавий ахборот воситаларида унинг фашизмга қарши курашган Уинстон Черчилл ва Чарли Чаплин билан таққосланиши ҳақида изоҳ берар экан, шундай деди:
Ўзимни сиз тилга олган инсонлар билан таққослаш камтарликдан бўлмаса керак... Чаплинда тарихни сўзлаб бериш, одамларга етиб бориш йўлларини топиш истеъдоди бор эди. У шунчаки қуруқ фактлар ва рақамларни етказиб қолмасдан, ҳиссий ҳикоя яратиш учун кино тилидан фойдаланган. У бу истеъдодини фашизмга қарши курашда қўллаган.
Черчиллга келсак, у жуда мураккаб вазиятга тушиб қолган мамлакатнинг етакчиси эди, лекин шунга қарамай Европада фашизмга қатъий “йўқ” деган ягона давлатга айлана олди... Ва бу “йўқ” Американи урушда жиддий иттифоқчи бўлиши кераклигига ишонтирди, дея хулоса қилди у.
Изоҳ (0)