Кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлиги кучайтирилади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Унга кўра, “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди
Қонунга асосан, Марказий банк фаолиятини тартибга солувчи, банклар, нобанк кредит ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, электрон ҳукумат фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш белгиланмоқда.
Шунингдек, автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш ва банк сири соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, Марказий банк микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари , шунингдек банклар, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржаларининг ҳамда кредит бюроларининг фаолиятида ахборот хавфсизлигига ва киберхавфсизликка таҳдидларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Бундан аввал президент раислигидаги видеоселекторда Ўзбекистонда тўлов тизимларининг ҳаммаси ҳам киберхавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги маълум қилинганди.
Изоҳ (0)