Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги машҳур фастфудларнинг бирида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Санэпидқўмита хабарлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, айни кунларда овқатланиш корхонасида таом истеъмол қилиб, ундан заҳарланганлик бўйича бошқарма ва унинг туман бўлимларига шошилинч хабарнома ҳамда мурожаатлар келиб тушмаган. Шу сабабли ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги таъкидланди.
Бундан аввал Тошкент шаҳрида битта кафеда овқатланган 23 киши заҳарланиб, шифохонага ётқизилган эди. Бугунги кунга келиб Санэпидқўмнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан кафе фаолияти вақтинча тўхтатилган, истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.
Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, заҳарланишга кафеда тайёрланган соус (беморларнинг барчаси истеъмол қилган маҳсулот) сабаб бўлган бўлиши мумкин деган хулосага келинмоқда.
Овқатдан заҳарланиш ҳолатларидан жабрланганлар
Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1-чорагида 18 та овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, бунда 143 нафар фуқаролар жабрланган.
ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили хавфли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида 600 миллионга яқин инсон жабрланади. 420 минг киши микроорганизмлар ёки кимёвий моддалар билан ифлосланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш натижасида вафот этади. Уларнинг 125 минг нафарини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ишлаб чиқаришдан тортиб, йиғиб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатиш, тайёрлаш ҳамда истеъмол қилишгача бўлган барча босқичларда муҳим рол ўйнайди. Ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичида озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши ёки зарарланиши хавфи мавжуд бўлиб, уларнинг хавфсизлиги учун ҳар бир иштирокчи – тадбиркор жавобгар.
Изоҳ (0)