ЕИ жорий йил охиригача Украинага АҚШ иштирокидан қатъи назар 40 миллиард еврогача янги кредитлар беришга тайёрланмоқда.
Financial Times (FТ) манбаларига кўра, ЕИ Венгрия АҚШнинг Европадаги Россия активларини музлатиш тўғрисидаги кафолатига вето қўйган тақдирда муқобил вариантни қидирмоқда.
АҚШ билан қўшма ёрдам режаси асосий бўлиб қолса-да, 2024 йилнинг охиригача Украинага ЕИдан 40 миллиард евро миқдорида кредит бериш варианти кўриб чиқилмоқда.
FТ’га кўра, Венгрия вакили Европа иттифоқининг Брюсселдаги элчиларига бу масалани АҚШдаги сайловлардан кейин ҳал қилиш кераклигини айтган. Тахминларга кўра, 40 миллиард евро миқдоридаги кредит мавжуд ёрдамни кенгайтириш сифатида кўриб чиқилади. Шу муносабат билан қарор қабул қилиш учун бир овоздан маъқуллаш эмас, балки Европа иттифоқига аъзо давлатларнинг кўпчилик овози керак бўлади.
Июнь ойида G7 етакчилари Украинага 50 миллиард долларлик кредит ажратишга келишиб олган эди, бу кредит Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан қайтарилади. Тахминларга кўра, АҚШ ҳамда ЕИ ҳар бири 20 миллиард доллардан беради, қолган 10 миллиард доллар эса Буюк Британия, Япония ва Канада томонидан тақсимланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Россия активлари Европада музлатилиши учун кафолат талаб қилмоқда.
Изоҳ (0)