Транспорт вазирлиги Тошкентдаги автобусларнинг қанчаси бевосита таълим муассасалари йўналишларида хизмат кўрсатишини маълум қилди.
Қайд этилишича, вазирлик томонидан автобусларнинг белгиланган жадвал асосида тўлиқ йўналишларга чиқарилиши назорат қилинмоқда. Йўловчиларга муносиб транспорт хизмати кўрсатилишини ташкил этиш мақсадида бугун эрта тонгдан шахсан транспорт вазири ва унинг ўринбосарлари “Тошшаҳартрансхизмат” таркибидаги автобус саройларига ташриф буюриб, йўналишларга автобусларнинг белгиланган жадвал асосида чиқарилишини назоратга олди.
“Тошшаҳартрансхизмат” томонидан пойтахт бўйича жами 163 та автобус йўналиши ташкил этилган бўлиб, йўналишларга умумий ҳисобда 1556 та автобуслар ҳаракатга чиқарилди. Ушбу автобуслардан 1037 таси бевосита таълим муассасалари йўналишларида хизмат кўрсатади.
Қатновлар орасидаги интерваллар ўртача 8-12 дақиқа бўлиб, бу бекатларда узоқ кутишларнинг олдини олади.
Аввалроқ Тошкентда автобуслар тезлиги соатига 50 км гача чекланаётгани ҳақида хабар берилганди. Бундай чорадан мақсад йўловчилар хавфсизлигини яхшилаш ва бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш. Шунингдек, автобус ойналарига чекланган тезлик 50 км/соат эканини билдирувчи белгилар ёпиштирилиши маълум қилинди. Ҳозирда шаҳарлар ҳудудида рухсат этилган максимал тезлик 60 км/соат ҳисобланади.
Изоҳ (0)