Йилдан йилга саратон касаллигига чалиниш ҳолатлари ортмоқда. 2050 йилга бориб касалланганлар сони 35 миллионга етиши ҳақидаги тахминлар ҳам инсонни чуқур қайғуга солади. Аммо саратон давосиз дард эмас, унинг олдини олиш ва даволаш мумкин. Ўзбек актрисаларининг бир нечтаси ҳам бу дардга чалинган, тиббий муолажалардан кейин соғлом ҳаётга қайтган.
Актриса Саида Раметовага 2020 йилда иккинчи даражали кўкрак саратони ташхиси қўйилган
— 2020 йил бутун дунё учун синовли йил бўлди. Айни пандемия авжига чиққан пайтда бир гуруҳ ижодкорлар билан Туркияда “Жалолиддин Мангуберди” сериалида суратга тушаётгандик. Уйдагилар қўнғироқ қилиб кетма-кет қайинсинглим ва туғишган опамдан айрилганимни айтишди. Яқинларимни сўнгги манзилга кузатолмадим, деб роса йиғладим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, чап кўкрагимда оғриқ пайдо бўлди, шамол тегди, деб тахмин қилдим. Аммо оғриқ зўрайиб бораверди. Тоҳир Саидов шифокорга кетаётган экан, мен ҳам кўрикдан ўтаман, деб унга эргашдим. Тоҳирни беш дақиқада кўрикдан ўтказишди, мени эса анча вақт текширишди. Кейин профессор менда 2-даражали кўкрак саратони аниқланганини маълум қилди.
Касаллик ҳақида ўйлаганим йўқ, фақат бегона юртда қолиб кетмасликни, тезроқ оилам бағрига қайтишни истадим. Хайриятки, бир неча кундан кейин Тошкентга чартер рейс билан самолёт учадиган бўлди. Ўзбекистонга қайтиб муолажалар олдим. Шу кунгача бир неча марта кимётерапия, ундан кейин нур олдим. Аҳволим анча яхшиланди, дейди актриса.
Алие Параст — асли профессионал раққоса, аммо уни кўпчилик “Мени асра” сериалидаги Рухшона образи орқали танишади. Унга 3-босқичдаги Хожкин лимфомаси ташхиси қўйилган
— Саратон – жуда қўрқинчли сўз, очиғи у ҳақда ўйлашни ҳам истамайман. Менга 3-босқич Хожкин лимфомаси ташхиси қўйилган. Касаллик кун сайин ривожланиб борган. Жуда кўп терлардим, чап қўлимни қимирлатишга ҳам кучим етмасди. Кўкрагим ва қўлим туташган нуқтада кучли оғриқни ҳис қилардим. Ҳар куни қаттиқ нафас қисиши, заифлик, кучли йўтал, бўйин ва юз шишиш ҳолатлари кузатиларди. Оғриқлар сабаб туни билан кўзимга уйқу келмасди.
Ўзим яшайдиган Фарғонадаги энг малакали шифокорларнинг барига мурожаат қилдим. Аммо улардан самара бўлмагач, оғир аҳволда Тошкентга келдим. Текширувлар натижасида 21 сантиметр ўсимта ва ўпкамда 1 литр сув борлиги аниқланди. Республика онкологияси шифокори Сергей Викторович Камишов таҳлил натижаларини кўриб, менга умид берди. Уч йиллик даволанишлар ўз самарасини бериб, дарддан бутунлай қутулдим.
Саратон билан курашган уч йиллик умримни сўз билан ифодалаб беришим қийин. Ҳаётнинг баҳоси нақадар қиммат эканини ана ўшанда ҳис қилганман. Бу хасталик билан курашаётган инсонларга маслаҳатим — ҳар кимнинг ҳам гапига қулоқ солманг, табибга-ку мурожаат қилмаганингиз маъқул. Сабаби буларнинг бари вақтни бесамар ўтказишга сабаб бўлади. Саратон ҳаммаси тугади, дегани эмас. Унинг ҳам давоси борлигини унутмаслик ва муолажаларни кечиктирмай бошлаш керак, дейди актриса ва раққоса Алие Параст.
“Севги”, “Шукрона”, “Сенсиз” сериаллари қаҳрамони актриса Одина Тўхтасинова саратон касали сабаб 13 маротаба жарроҳлик операциясини бошидан ўтказганини маълум қилди
— Катта фарзандимни дунёга келтирганимдан кейин поликлиникага чиқсам, “Онкологияга боришингиз керак” дейишди. Кейин Оқтепадаги онкологияга борсам, тезда операция қилиш кераклигини айтишди. Ўша ҳафтанинг ўзида операция қилдирдик. Аммо кўп ўтмай, яна ўсимта пайдо бўлди. Республика онкологиясида яна операция қилдирдим. Бундай жарроҳлик амалиётлари 11 марта ўтказилди. Наркоздан чиқар-чиқмас лимон билан қатиқ оламан, лимонни шундоқлигича шимаман ва болаларимга қарашим керак, овқат қилишим керак, деб уйга кетаман. Докторлар эса қозон тепасига борма, қуёшга чиқма, дейишарди.
Уйдагиларга касаллигимни айтсам “Бу рак бўлиб қолди” деб, аза очиб юборишади, менга раҳмлари келади, деб ўйлаб айтмаганман. Ўн бир маротаба операция бўлгандан кейин чарчадим. Ҳар сафар келаман, хўрозни сўйгандек кесишади, яна жўнатиб юборишади.
Доктор билан гаплашиб, “Энди нима қилишим керак”, деганимда, улар “Яна анализ топшириб келинг” деди. У шифокорни ёмонлаш эмас, балки етук мутахассис эмасдир. Ташхис натижаларини олиб келсам, кимёвий терапия, қилиш кераклигини айтишди. Кейин “Тананинг бу қисмини олиб ташлаймиз, кўпайиб кетибди”, дейишди. Мен эса “Қандай қилиб? Ахир мен ёшман, ҳали туғгим келяпти”, дедим. Доктор эса “Туғиш мумкин эмас, туғсанг ўлиб кетасан” деди.
Кейин хорижга кетиш ва ўша ерда операция қилдиришга қарор қилдим. Кореяда операциям учун ишлаб, пул йиғдим. Онам 3 ёки 4 маротаба операция бўлганимни биладилар, холос, бошқаларини билмайдилар. Кореяда ҳам операция куним аниқланган, аммо буни ҳеч ким билмайди. Ҳеч кимга айтолмайман. Қўрқмасдан 7-8 соатлик операцияга кирганман.
Кореялик шифокорлар бу барчаси битта операцияда ҳал бўладиган нарса эканини, ўзбекистонлик шифокорлар эса қайта-қайта кесиб, кўпайтириб юборганини айтди. Бир йилдан кейин қайта ташхис топширсам, “Иккинчи томонингга ҳам ўтган”, дейишди. Буни ҳам онамга айтолмадим. Шунда “Кореяда бир ой тошбақа шўрва ичсанг, яхши бўлиб кетасан”, дейишди. Докторга пулим йўқлиги учун, денгиз бўйида бир ой яшаб, тошбақа шўрва ичдим. У кучли нарса бўлганига қон босимим кўтарилиб кетди, бош оғриғимга эса чидолмайман, сув бўйига чиқиб, дод солиб йиғлардим. Кейин барибир докторга бордим, тошбақа таъсир қилмабди. Шундан кейин яна бир кичик операция қилдирдим ва ҳозир яхшиман. Сизларга маслаҳатим яхшилаб текширтириб, кейин операция қилдиринглар, дейди актриса.
“Тоҳир ва Зуҳра” фильмининг янги талқинидаги вариантида Зуҳра ролини ўйнаган актриса Паризода Бўрихўжаева шифокорларнинг қўрқинчли ташхисига қарамай, оғир касалликни енгиб ўтган
— Қийинчиликлар ҳаммада бўлади. Тахминан 25 ёшимда, турмушга чиққанимдан бир неча йилдан сўнг соғлиғим билан муаммолар бўлган. Бу синов ҳаётимни жуда қаттиқ ўзгартирган. Ўша вақтда шифокорлар “Йўқ, сиз тузалиб кетмайсиз, бу нарса тузалмайдиган касал”, дейишганди. Бу муаммо нафақат мен учун, балки бутун оилам учун берилган. Касаллик туфайли ким қанақалигини, менга қанақа муносабатдалигини билдим. Ўша пайтда турмуш ўртоғим ва яқинларим мени қандай эъзозлашини кўрдим. Отамнинг бир гаплари бор: “Синов ҳам одамнинг кучига қараб берилади. Кучли одамга кучли синов берилади. Заифроқ инсонга енгилроғи берилади”. Мен табиатан қўрқоқ одамман, баландлик ва тезликдан қўрқаман. Лекин ўша пайтда ичимдан “Ҳали тузалиб кетаман, ҳаммаси яхши бўлади”, деган катта куч топганман. Синовдан турмуш ўртоғим билан бирга ўтганмиз. У кунларни эсласам, кўзимга ёш келади, дейди Паризода Бўрихўжаева.
Актриса Зарнигор Ғаниевага 2022 йили 3-даражали саратон ташхиси қўйилган. Унга ҳиндистонлик шифокорлар 3 ойлик умри қолгани ҳақида айтишганди
— 2022 йилнинг август ойида Зоҳиджон Зокиров режиссёрлигидаги сериалда саратонга чалинган аёл ролини ижро этгандим. Табиатан иримчи эмасман, аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай соғлигимда жиддий муаммолар кузатилди. Октябрь ойига бориб, ҳожатга чиқолмай қолдим ва қорин бўшлиғимда кучли оғриқлар пайдо бўлди. Шифокорлар онкологик касалликдан шубҳа қилиб, тиббий кўрикдан ўтишимни маслаҳат беришди. Кореяда анализ топшираман, деб учиб кетдим. У ерда ҳам анализ натижалари худди шундай чиқди ва тезда операция қилдиришимни маслаҳат беришди. Моддий жиҳатдан имкониятим бор эди, негадир у ерда операция қилдиришни истамадим ва Тошкентга қайтиб келдим. Республика онкологиясидаги Одил Аҳмедов деган шифокорга учрашдим ва операция бўлдим.
Қаттиқ тушкунликка тушганим учун сочим тўкилиб кетди. Кимётерапиядан кейин эса бутунлай кал бўлиб қолдим. Орадан тадбиркорлик фаолиятимда бир инсон қаттиқ алдади ва сиқилиб, қорнимга метастаз тарқаб кетди. Хунук шишиб кетди, нафақат соч, балки киприк ва қошларим ҳам тўкилиб кетди. Ҳиндистонга ташхис қоғозларини жўнацак, “Келишининг ҳожати йўқ, уч ойлик умри қолган”, деган жавоб келди. Ўлар эканман, деб кучли тушкунликка тушдим. Бир йилга яқин қоронғи хонадан ташқарига чиқишни истамай қолдим. Ҳеч нарсанинг қизиғи қолмади. Кимётерапия олганда танам шу қадам азобланардики, ўлимимга ҳам рози бўлдим. Кечалари қанчалик қийналганимни фақат олдимдаги саноқли инсонлар билди холос. Энг қизиғи, ундан аввал атрофимда таниш-билишларим, дўстман деганлар кўп эди. Касал бўлганимдан кейин улар шу қадар камайиб кетдики, ҳайрон қолдим. Касалликни ҳам Яратган бежизга бергани йўқ, атрофимдаги инсонларнинг асл юзини кўришим учун бир сабаб бўлди, деб ўйладим. Собиқ турмуш ўртоғим руҳан ва моддий жиҳатдан кўп ёрдам берди.
Илгари пулим кўп бўлса, фарзандларимга яхши шароит яратиб берсам, деб орзу қилардим. Касал бўлганимдан кейин бахт аслида соғлик ва хотиржамликда эканлигини англадим. Жонингиз оғриса, пул ҳам жонингизга оро кирмас экан.
Аёлларга маслаҳатим: ўзингизни севинг. Бу дунёда ҳеч нарса куйиб-пишишингизга арзимайди, дейди актриса Зарнигор Ғаниева.
Изоҳ (0)