Россиянинг Саратов вилоятида ўзбекистонлик аёл йирик миқдорда гиёҳванд моддаларни сотгани учун 8 йилга колонияга жўнатилди. Бу ҳақда “Четвёртая власть” хабар берди.
Ўзбекистон фуқароси номаълум шахс билан тил бириктириб, унинг кўрсатмаси асосида Москва вилоятидан гиёҳванд моддаларнинг улгуржи партиясини (оғирлиги 210,5 грамм бўлган героин) олган. Шундан кейин у моддаларни қисмларга бўлиб, Балашов шаҳридаги Софинская кўчасининг турли жойларига яширган.
Полиция мазкур жараён пайтида аёлнинг жиноий фаолиятини аниқлаган. Ўзбекистон фуқаросини кўздан кечириш чоғида гиёҳванд моддаларнинг қолган қисми (204,6 грамм) топилган.
Маҳсулотни сотишдан тушган пулни аёл бошқаларнинг банк карталари ёрдамида “ечиб олган”. Шу тариқа у 200 минг рублни қонунийлаштирган. Аёл гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотиш ва жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришга уринишда айбдор деб топилган. Унга умумий тартибли ахлоқ тузатиш колониясида 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)