Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов фуқарога қўл кўтаргани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати қўшимча маълумот берди.
Унда келтирилишича, ушбу масала вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида кескин муҳокама қилинган. Туман ҳокими Файзулла Юсупов шу ва иш фаолиятида йўл қўйган бошқа камчиликлари учун интизомий жазога тортилган.
“Туман ҳокими ҳар бир фуқаро билан хушмуомала ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши, мулоқот чоғида одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши уқтирилди ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйган тақдирда тегишли жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилди”, дейилади хабарда.
Файзулла Юсупов вилоят Молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган пайтда ходимини “мол”, “эшак” дея ҳақоратлаб, жамоатчилик эътиборига тушганди. Мазкур аудиоёзувда собиқ бошқарма бошлиғи, айни кунда ҳокимлик қилаётган Юсуповнинг “Ўзингни ўзинг оссанг бўлмайдими?”, “Замон тўғри келганда, пешонангдан отардим”, “Аёллар, кўкрагингни очиб юрма бу ерда. Ҳеч ким сенинг кўкрагингни кўраман деб келаётгани йўқ, бошқа жойда очиб кўрсат”, “Ҳокимингга чиқаман, қани, бир минутда жазолаб бермасин-чи, сендақа молия мудирчаларини”, деган гаплари янграганди. Шундан сўнг у огоҳлантириш олганди.
Изоҳ (0)