Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар ва Китоб тумани бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаролар Э.Х. ва Ю.Э. яшаш хонадонларининг ёрдамчи хўжалигида яширин цех ташкил этиб, ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланаётганликлари аниқланган. Ушбу цехлардан 320 литр истеъмолга яроқсиз ёғ, 201 кг чигит, 5 дона жувоз ускунаси ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)