Ўзбекистонда 2024 йилнинг ўтган даврида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 910 миллион долларни ташкил қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Давлат раҳбари йил якунигача режа қилинган экспортни таъминлаш учун биринчи галда қайта ишланган мева-сабзавот экспортини кескин кўпайтириш кераклигини кўрсатиб ўтди. Ҳозирда сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш бўйича 9 триллион сўмлик 382 та лойиҳа бўйича ишлар бошланди.
Бундай лойиҳаларни кўпайтириш, йил якунигача жами қуввати 57 минг тонна бўлган 10 та агрологистика маркази, 230 минг тонналик совуткичли омборхона қуриш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга мева-сабзавотни сақлаш сиғимини 63 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Президент экспортни кўпайтириш учун янги уруғ навларини ўзимизда яратишимиз кераклигини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Хитой ва Туркия тажрибаси асосида қишлоқ хўжалигида уруғчилик тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, экинлар ген банкини кенгайтириш чораларини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу ишларга 24 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
Шунингдек, туманларда 75 минг гектар самарасиз боғлар борлиги, ҳар йили 1 минг гектардан боғни тиклаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада янги тизим жорий қилиниб, унга кўра ҳокимликлар саноатлашган боғларни яратиш учун буюртма беради, лойиҳаларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга 30 йилга ижарага беради. Саноатлашган боғларни яратиш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси орқали имтиёзли кредитлар ажратилади.
Мутасаддиларга 75 минг гектар самарасиз боғлар ҳамда 100 минг гектар паст ҳосилли пахта, ғалла ва бошқа экин ерлари ўрнида саноатлашган боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.
- Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари мамлакат тупроқ иқлим шароитига мос картошканинг эртапишар “Тошкент эртаги” навини ихтиро қилганди.
Изоҳ (0)