Ўзбекистонда илк бора республика шаҳарларининг экологик барқарорлиги рейтинги шакллантирилди. Бу ҳақда 11 июль куни Экология вазирлигида яшил шаҳарлар рейтинги тақдимотига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
Анжуманда Иқлим ўзгариши миллий маркази республикадаги 14 та маъмурий марказларининг экологик рейтингини эълон қилди.
Тасдиқланган экологик “мастер-режа” ларни (ЭМР) амалга ошириш, шунингдек, кўрсаткичларни яхшилаш асосида йилига бир марта янгиланадиган рейтинг маълумотларига кўра, Наманган шаҳри 100 балдан 62,29 балл тўплаган ҳолда биринчи ўринни эгаллади. Аҳоли жон бошига яшил майдонлар сони бўйича етакчи – Самарқанд 61,13 балл билан иккинчи ўринга муваффақ бўлди. Учинчи ўринни 59,50 балл билан Навоий шаҳри эгаллаган бўлиб, унда киши бошига республика бўйлаб истеъмол қилинадиган электр энергиясининг энг кам миқдори тўғри келади.
Анжуманда шаҳарларнинг биринчи экологик “мастер-режа” тақдимоти бўлиб ўтди. Тажриба сифатида танлаб олинган Бухоро ва Самарқанд учун экологик “мастер-режа” лар ишлаб чиқилган.
“Мастер-режа”лар Иқлим ўзгариши миллий маркази томонидан тажриба-синов шаҳарларининг ҳокимликлари ҳамда экология вазирлигининг вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Ҳужжатлар шаҳарлар инфратузилмасини ва ҳудудий режалаштиришни такомиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда атроф-муҳит ва табиий ресурсларга салбий таъсирларни камайтириш бўйича шаҳар маъмуриятлари учун чора-тадбирлар режасига айланади.
Ўзбекистонда Green City Indeх методологияси 7 турдаги кўрсаткичларини ўз ичига олади: ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, сув истеъмоли, транспорт, энергия, чиқиндилар ва санитария. Кўрсаткичларнинг деярли ярми миқдорий бўлиб, расмий маълумотларга асосланган, қайта ишлаш даражаси ва ифлослантирувчи моддалар концентрацияси шулар жумласидандир. Шаҳарнинг экологик сиёсатини баҳолаш сифат кўрсаткичлари ҳисобланади. Шаҳарлар умумий рейтинг ва ҳар бир тоифадаги индивидуал рейтинглар асосида баҳоланади.
Маълумот учун:
Экологик “мастер режа” — бу атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштириш ҳамда шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган стратегик тавсиялар ва ҳаракатлар мажмуини ўзида акс эттирувчи ҳужжат.
Изоҳ (0)