Ноёб тур ҳисобланган Ўрта Осиё қўнғир айиқлари Ургут туманининг “Сойғўс” маҳалласига яқин ҳудудга тушиб келгани айтилмоқда. Самарқанд вилояти экология бошқармаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда Ургут тумани “Сойғўс” МФЙ ҳудудида учта айиқ келиб, маҳаллий аҳолининг қўй-молларига ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Аниқланишича, ушбу ҳолат Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида жойлашган Кункўрмас довонининг Қашқадарё вилояти ҳудудида содир бўлган. Сув сатҳидан 2500-2700 метр баландликдаги ушбу ёввойи табиатга тегишли бўлган айиқларнинг яшаш манзилида Ургут тумани “Сойғўс” МФЙнинг чўпонлари ижара асосида мол-қўйларини боқиб келишаётганда ноёб тур ҳисобланган Ўрта Осиё қўнғир айиқлари тўрт бош эчкини еб қўйган. Чўпонлар ёки айиқларга талафот етмаган.
Шунингдек, маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бир неча кун олдин кечаси айиқлар маҳалладан 2-3 километр яқинликдаги тоғ бағрида ўсувчи мевали дарахтларни ейиш учун тушиб келган. Ҳозирда тегишли мутахассислар томонидан ҳолат назоратга олиниб, ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги қишлоққа қўнғир айиқ боласи кириб боргани, кейинчалик у отиб ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)