Тошкент халқаро аэропорти кассаларида эндиликда 15 та авиакомпания чипталарини харид қилиш мумкин. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Қайд этилишича, шу пайтгача аэропортда фақат Uzbekistan Airways ва Silk Avia авиачипталарини харид қилиш мумкин бўлган. Билетлар халқаро аэропортнинг иккинчи қаватида — жўнаб кетиш залининг VIP ва CIP заллари ёнида жойлашган, 24/7 ишлайдиган кассадан олинади.
Булар Uzbekistan Airways, Silk Avia, Centrum Air, Qanot Sharq, Air Samarkand, Turkish Airlines, Asiana Airlines, Lot Airlines, Belavia, Air Astana, Aeroflot, Ural Airlines, S7, Red Wings, Utair авиакомпанияларидир, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, кассада йўловчилар Uzbekistan Airways, Silk Avia, Centrum Air’нинг қўшимча хизматлари учун ҳақ тўлашлари мумкин. Яъни авиачипталарни харид қилишдан ташқари, чипталарни қайта брон қилиш ва қайта расмийлаштириш, хизмат кўрсатиш классини кўтариш ёки тушириш, ортиқча ва махсус багаж, шу жумладан, ўсимлик ва ҳайвонларни ташиш учун тўловларни амалга оширишлари мумкин.
Шунингдек, бу ерда Fact Track ва аэропортнинг юқори қулайликдаги CIP Lounge ва Anor заллари хизмати учун тўловни амалга оширса бўлади.
Аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қарорига мувофиқ, Жавлонбек Умархўжаев Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси этиб тасдиқлангани, Тошкент аэропортида автомобилларни ижарага олиш нуқтаси очилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)