Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Денов туманидаги савдо марказида содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 25 июнь тунги соат 02:12 да Денов тумани “Бобур” маҳалласида жойлашган “Бек” МЧЖга қарашли савдо мажмуаси ҳудудидаги 4 та асосий ва 8 та кичик савдо дўконларида ёнғин содир бўлган ва 90 квадрат метр майдондаги буюм ҳамда кийим-кечаклар ёнғиндан зарарланган.
Воқеа жойига Денов, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Қумқўрғон туманлари ФВБларининг 9 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 02:20 да етиб бориб, ёнғин соат 02:30 да қуршаб олинган ва соат 03:50 да батамом ўчирилган.
Ёнғин қутқарувчиларининг сай-ҳаракатлари натижасида мажмуанинг бошқа ҳудудларига ёнғин тарқалишининг олди олинган ва 48 та савдо дўкони ҳамда 500 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда бешта савдо дўконида ёнғин содир бўлгани, Тошкентдаги автосервисда 3 та автомобиль ёниб кетгани, “Космонавтлар” метро бекати яқинида ерости кабели ёнгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)