Футбол бўйича Европа Чемпионатининг А гуруҳи 3-туридан ўрин олган ўйинлар 23 июнь, якшанба куни бўлиб ўтди. Унда Венгрия Шотландияга қарши ҳаракат қилиб, сўнгги дақиқалардаги гол эвазига (1:0) 3 очко эгасига айланди.
Учрашувнинг 68-дақиқасида тўп учун курашаётган Венгрия терма жамоаси ҳужумчиси Варга Барнабаш дарвоза яқинида Шотландия дарвозабони Аэнжус Гунн билан тўқнашиб кетди. Венгрия футболчиси ўрнидан тура олмади ва ҳушидан кетди.
М4 Sport хабарига кўра, футболчи шифохонада ҳушига келган ва гаплаша олган.
Ўйиндан сўнг Венгрия устози Марко Росси Варга учун турнир якунланганини маълум қилди.
Унинг аҳволи барқарор, деб эшитдик. У шифохонада кузатув остида. Биз унинг юз суяги синганини биламиз. Варгага операция керакми ёки йўқлигини билмаймиз, лекин у бу Еврода ўйнамаслиги аниқ. Энг муҳими — у билан ҳаммаси жойида, — дейди Марко Росси.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Барнабаш Варганинг юзидаги бир нечта суяклар синган, унинг мияси ҳам чайқалган. Ҳужумчининг аҳволи стабил аммо катта эҳтимол билан операция қилинади. У тунни Штутгарт касалхонасида ўтказган.
Изоҳ (0)