Эрон олий суди мамлакатнинг машҳур рэпери Тумаж Солиҳийга нисбатан ўлим ҳукмини бекор қилди. У қўшиқларида 2022 йил Маҳса Аминий ўлими ортидан бошланган намойишларни очиқ қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинганди.
“Кутилганидек, Олий суд тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўймади. Ўлим ҳукми бекор қилинди”, — дейди рэпернинг адвокати Амир Райсан.
Суд Солиҳийнинг олти йиллик қамоқ муддатини ҳам “ортиқча” деб топган, чунки жазо белгиланган муддатдан ошиб кетган. Апелляция қарори асосида иш кўриб чиқиш учун тегишли органга юборилади. Солиҳий клипларидан бирида “сочлари билан шамолда рақс тушиш кимларгадир жиноят эди”, деб реп ўқиган ва бу билан Маҳса Аминийни (2022 йил ҳижоб қоидаларини бузганликда айбланиб ҳибсга олингач, полиция ҳибсхонасидан ўлиги чиққан) назарда тутган. Бошқа бир бандда у Эрон теократиясининг қулашини башорат қилган.
Солиҳий “интернетда ёлғон ва давлатга қарши ташвиқот” тарқатиш, шунингдек, одамларни зўравонликка ундашда айбдор деб топилган. Эронда минглаб одамлар Солиҳийнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилган. Рэпер 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва ноябрь ойида гаров эвазига озод қилинганди.
Изоҳ (0)