Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ (27-0, 24 КО) камарини мажбурий даъвогар Муроджон Аҳмадалиевдан (12-1, 9 КО) ҳимоя қилишга буйруқ берди.
Ўзбекистон вакили Иноуэга қарши жанг ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ин Ша Аллоҳ, бу ажойиб жанг бўлади. Иноуэ жуда кучли, лекин мен унинг олдинги рақибларидан ақлли ва кучлироқман. Кел, жанг қилайлик, чемпион”, — дея Иноуэга мурожаат қилган Аҳмадалиев.
WBA томонларга расмий мактуб юбориб, ҳар икки жамоага жанг ҳақида хабар берди. Музокаралар олиб бориш учун 14 июлгача муддат белгиланди. Томонлар бу муддат ичида келиша олмаса, кимошди савдолари ўтказилади.
Иноуэ мутлақ чемпионга айланганидан сўнг илк бор май ойида Марлон Тапалесга қарши рингга кўтарилиб, камарларини ҳимоя қилган эди. Жанг 6-раундда япониялик боксчининг нокаут эвазига ғалабаси билан якунланганди.
Аҳмадалиев эса 2023 йилнинг декабрь ойида Кевин Гонсалесга қарши жанг қилганди. Қарама-қаршиликнинг 8-раундида ўзбекистонлик бокчи рақибини техник нокаутга учратиб, ғалаба қозонган эди.
Изоҳ (0)