Тошкент шаҳрида ўзганинг номига онлайн кредит расмийлаштириб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган аёл ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 51 ёшли О.Х. ИИОга ариза билан мурожаат қилиб, номаълум сабабларга кўра унинг номига 44 миллион сўм онлайн кредит расмийлаштирилганини ва айбдор шахсга қонуний чора кўришликни сўраган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи аёл Х.У. содир этгани аниқланган.
Гумонланувчи Х.У. жабрланувчи О.Х.га SMS-хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритиб, унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган ва пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказган. Аёл маблағларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
- Аввалроқ Андижонда ўзгалар номига онлайн кредит расмийлаштирган сохта банкир ушлангани,
- Фарғонада “бетоб қизнинг операцияси учун” дея ўзганинг номидан аккаунт очиб, пулларни ўзлаштириб келган шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)