Ижобий ролларни ижро этиб, томошабинлар эътиборига тушиш осон, бироқ ёвуз қаҳрамонларни гавдалантириш барча актёрнинг қўлидан келавермайди. Бугунги қаҳрамонларимиз эса салбий образларни ижро этишда катта маҳорат ва тажрибага эга.
Уиллем Дефо
Унинг биргина ёвуз табассуми томошабинда қўрқув ҳиссини пайдо қилади. Актёр антагонист ролларини шунчалик кўп ўйнаганки, уни меҳрибон инсон сифатида тасаввур қилиш қийин.
“Болалигимда ёвуз қаҳрамонларни энг зўр образлар сифатида кўрар эдим. Улар мен учун фильмнинг энг ёрқин ижодкорлари эди. Мен ҳам айнан салбий ролларда ўз номимга эга бўлдим. Катта киностудиялар мен иштирок этган лойиҳалар муваффақиятини такрорлаш учун янгидан-янги таклифлар берар эди”, — дея эслайди Дефо.
Ҳелена Бонем Картер
Актриса экранлардаги энг яхши ёвуз аёл образ сифатида танилган. Ҳелена ҳар қандай жанрдаги фильмларда маҳорат билан рол ижро этишига қарамай, унинг айнан салбий қаҳрамонлари чинакам санъат асари даражасига чиқди. Бонем Картер “Алиса мўжизалар мамлакатида”ги Қизил малика ва Гарри Поттер франшизасидаги Белатрикс Лестрейж каби салбий қаҳрамонлари билан жуда фахрланади.
“Кўчада мени кўриб, таниб қолган ёш болалар мендан қўрқишади, лекин ёнимдан кетмай, менга қизиқиш билан боқишади. Демак, образим шунчалик ёрқин бўлганки, болалар хотирасида муҳрланиб қолдим”, — актриса.
Хоакин Феникс
Истеъдодли актёр нафақат Joker образи билан, балки бошқа кўплаб роллари билан машҳур. Унинг “Гладитор” фильмидаги Рим императори Коммод образи катта катта кинога кириб келишига сабаб бўлган.
Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, Хоакин суратга олиш пайтида ролга шўнғиб кетиш учун уни сўкиш ва ҳақорат қилишларини сўраган.
Девид Теннант
Шотландиялик актёр ўзининг ёвуз ва қўрқинчли роллари билан ажралиб туради. Девид Теннант “Доктор ким” сериалида ўнинчи шифокор роли билан танилган. Актёр “Гарри Поттер ва олов кубоги” фильмида Волдеморт издоши Барти Крауч,“Казанова” сериалида Жако Казанова роллари билан машҳур.
Дональд Сазерленд
Актёр “Ҳаёт-мамот ўйинлари” фильмининг энг ёрқин ёвуз қаҳрамони бўлган. Актёр фильмдаги вахший овозли характердан ўзи ҳам қўрқишини тан олади.
Мадс Миккелсен
Мадс Миккелсен эзгу образлардан кўра кўпроқ даҳшатли қаҳрамонлар ва антагонистларни ижро этишни афзал кўрганини иккиланмасдан тан олади. Унинг фикрича, яхшилик сари элтадиган образлар томошабин учун кўпинча қизиқарли бўлмайди.
Энтони Хопкинс
Актёр ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида 140 дан ортиқ лойиҳаларда рол ўйнаган. У икки марта “Оскар” ва тўртта BAFTA мукофотига сазовор бўлган. 87 ёшли актёр Энтонининг харизмаси томошабинда катта таассурот уйғотади.
Актёр ўзи шахсан фахрланадиган антагонист ҳақида шундай дейди:
“Кинода мен тасвирлаган энг катта ёвуз одам бу Адолф Гитлердир. Хайрон қолишингиз мумкин, лекин “Қўзилар сукунати” менинг севимли фильмларимдан бири эмас. Мазкур фильмни мен ҳатто охиригача кўрмаганман”, — тан олади актёр.