Исроил ҳарбийлари ҲАМАС томонидан гаровга олинган тўрт киши Ғазода вафот этганини маълум қилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Қурбонлар орасида уч нафар кекса эркак, жумладан, Ёрам Мецгер (80 ёш), Амирам Купер (80 ёш) ва Хаим Пери (79 ёш) бор. Уларнинг барчаси 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан ўғирлаб кетилган. Тўртинчи вафот этган гаровдаги эркак 51 ёшли Надав Попплевел экани маълум бўлган.
“Тўрт нафар гаровга олинган шахсни ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор разведка маълумотларига асосланади. Исроилнинг Дин ишлари вазирлиги ва бош раввинлари билан келишилган ҳолда уларнинг ўлими Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эксперт комиссияси томонидан тасдиқланган”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, вафот этганлар жасадлари ҲАМАС қўлида сақланмоқда. Исроил армияси улар қандай шароитда ўлганини аниқламоқда. Яҳудий давлати армияси матбуот котиби контр-адмирал Даниэль Ҳагарининг айтишича, тўрт киши Ғазо жанубидаги Хон Юнис шаҳрида Исроил операция ўтказаётган вақтда бирга ҳалок бўлган.
“Биз барча эҳтимолий вариантларни текширмоқдамиз. Кўп саволлар бор”, — деди Ҳагарий.
ҲАМАС май ойида Попплевел Исроил ҳаво ҳужумида яраланганидан кейин вафот этганини айтганди. Улар 7 октябрь куни Исроилга ҳужум қилиб, у ердан 250 га яқин одамни гаровга олганди. Уларнинг ярмига яқини ноябрь ойидаги қисқа муддатли сулҳ чоғида қўйиб юборилган. Ғазода қолган 130 нафар гаровга олинганлардан 85 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.
Изоҳ (0)