Тошкентнинг Сергели туманида тепловоз ва автобус ўртасида тўқнашув содир бўлганди. “Ўзбекистон темир йўллари” ҳолатга изоҳ берди.
Унда айтилишича, “Ўзбекистон” локомотив депосига қарашли бўлган TEM2-1959 русумли тепловози автомобиль йўли билан кесишган темир йўл изидан меъёрий тезликни сақлаб, ҳушёрликни йўқотмасдан, огоҳлантирувчи сигнал ишлатиб келаётган вақтда Қумариқ—Аэропорт йўналишдаги йўловчи автобуси автомобиль йўлига ўрнатилган йўл белгиларига (Стоп) риоя қилмаган ҳолда ҳаракатни давом эттирган.
Оқибатда локомотив ва автобус ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.
“Тошшаҳартрансхизмат” муносабатида тепловоз тартибга солинмаган темир йўл кесишмасидан ҳаракатланиб ўтишидан аввал йўналиш бўйлаб транспорт воситаларини тўхтатиб турувчи темир йўл назоратчи ходими воқеа жойида бўлмагани сабабли транспорт воситаларини тўхтатиш чоралари кўрилмагани айтилганди.
Йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланганлар йўқ, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)