Тошкентнинг Яккасарой, Чилонзор ҳамда Яшнобод туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “А.Р.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси С.Б фуқаро М.Ш.га таркибида кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 180 дона дори воситасини 4 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган Ғ.Р. 14 дона “Галара” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро Б.С.га 1 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар С.А. ва А.К.нинг ёнидан 72 дона “Регапен” ва 71 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)