Сурхондарё вилоятида қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ ноқонуний тамаки маҳсулотлари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, божхона органлари томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли тарзда кураш олиб борилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Т.Б. бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона постида мавжуд инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказилган. Текширувда рентген тасвирлари автотранспорт воситасида юк кузатув ҳужжатларида келтирилган товарлардан бошқа товарлар борлигини кўрсатган. Шундан сўнг, автотранспорт воситаси холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилган.
Натижада, автотранспорт воситаси юкхонасида хуфиёна тарзда қоғоз қутиларга жойлаштирилган, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, хорижда ишлаб чиқарилган ва акциз маркалари бўлмаган умумий қиймати 1 миллиард 26 миллион сўмлик жами 27 минг қути уч хил номдаги сигарет маҳсулотлари юклангани маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Чуст туманида 5 минг қути “Milano” номли акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари савдоси тўхтатиб қолинган эди. Ундан олдин ҳам Наманганда 2 минг қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинганди.
Изоҳ (0)