“Дарё” нашрига келиб тушган маълумотга кўра, Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 23-мактаб директори мактабга тегишли бўлган эски иситиш қозонхоналарни олиб чиқиб сотиб юборган. Ҳолат юзасидан Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати изоҳ берди.
Хатлов жараёнида ҳар бири 31,5 миллион сўм бўлган 3 дона иситиш қозони, 2017 йилдаги давлат дастури асосида мукаммал таъмирдан чиқарилган вақтда ўрнатилган 2 дона 100 квт иситиш қозонлари мактабда мавжуд эмаслиги аниқланган.
Мактаб директори У.Усмонов мактабнинг хўжалик ишлар бўйича директор ўринбосари А.Тиллаевнинг маслаҳатига асосланиб, мактабга янги замонавий иситиш қозонлари ўрнатилганлиги ва яроқсиз деб олиб ташланган иситиш қозонхоналарини мактаб ободонлаштириш ишларига сарфлаш учун олиб чиқилган, — дейилади вазирлик ахборотида.
Таҳририят ихтиёрида бўлган, мактаб директори У.Усмоновнинг ўз қўли билан имзоланган далолатномада директор ҳеч кимга айтмай иситиш қозонларини мактабдан олиб чиқиб кетгани ва сотиб юборгани зикр этилган.
Вазирликни аниқлик киритишича, иситиш қозонхоналари мактабга қайтариб олиб келиб қўйилган. Лекин директорга бу қилмиши учун қандай чора кўрилган ёки кўрилмагани очиқланмаган.
Изоҳ (0)