Миср Ғазода Исроил томонидан имзоланган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув шартларини ҲАМАСга топширишдан олдин ўзгартирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум бўлишича, ҲАМАС 6 май куни эълон қилган келишув якуний кўриб чиқиш учун тақдим этилган келишувдан фарқ қилади. Ўзгаришлар Миср разведкаси томонидан амалга оширилган ва бу АҚШ, Қатар, Исроил расмийлари орасида ғазабга сабаб бўлгани айтилган. CNN таъкидлаганидек, Америка делегациясига бошчилик қилган Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс жуда ғазабланган ва хижолат тортган.
Ҳаммамиз алдандик, — деди манбалардан бири CNN’га.
Телеканал суҳбатдошларига кўра, Миср разведкаси раҳбарининг катта ўринбосари Аҳмад Абдел Халек ўзгартиришлар киритиш учун масъул бўлган.
18 май куни Исроилнинг Кан телерадиокомпанияси Исроил ҳукумати ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар тўхтатилгани ҳақида хабар берган.
Манбалардан бири Исроил жимгина рози бўлган биринчи келишувда ҲАМАСнинг қўшимча талаблари киритилганини айтган. Аммо бошқа воситачилар, жумладан, исроилликларга бу ҳақда хабар берилмаган.
Изоҳ (0)