Қашқадарё вилояти Ғузор туманида табиий қум маҳсулотини ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Ғузор туман бўлими томонидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва “Хавфсиз дарё” ДМ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Б.Х.“Қашқадарё дарёсининг Ғузор тумани “Зарбдор” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи муҳофаза майдонидан махсус техникалар ёрдамида 3,6 минг куб норуда фойдали қазилма ҳисобланган табиий қум маҳсулотини ноқонуний равишда қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 357,7 миллион сўм зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Маълумот учун, президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга 2024 йил 1 майдан муддатсиз мораторий жорий қилинади. Ноқонуний қазиб олиш ишлари натижасида табиатга етказилган зарар учун жавобгарлик ҳам кучайтирилади.
Аввалроқ Чирчиқ дарёсида қум-шағал қазиб олиниши натижасида табиатга 80 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)