Массимилиано Аллегри Италия кубоги финалидан кейин журналистга таҳдид қилди.
Турнир финалида “Ювентус” “Аталанта” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кубокни қўлга киритди.
Tuttosport бош муҳаррири Гидо Вакяго матбуот хонасига олиб борувчи коридорда “Юве” бош мураббийи билан жанжаллашиб қолганини айтди.
“Аллегри жуда норози эди. У ғалаба қозонган оқшомда матбуот анжуманида қатнашиш мажбуриятидан кўра менга бақиришга вақт топди”, — дейди Гидо Вакяго.
У журналистга “Сиз ахлоқсиз муҳаррирсиз. Газетангизга клублар айтганини эмас, ҳақиқатни ёзинг! Клублар билан ноз-карашма қилишни бас қилинг”, деб айтган.
Журналист унга тинчланишини ва у яшираётган ҳақиқат нима эканлигини сўраганида, у муҳаррирни туртган ва бармоғини бурни остига олиб келиб бақирган.
“Эшитвол, мен сени қаердан топишни биламан. Мен келиб иккала қулоғингни ҳам юлиб оламан. Юзингни ҳам бежаб қўяман. Газетага ҳақиқатни ёз”.
Шу пайт “Ювентус” матбуот хизмати ходими Габриэлла Равиззотти ва Италия А Серияси ходими уни олиб кетган. Улар бош мураббийни матбуот марказига олиб боришга ҳам муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)