Араб давлатлари лигаси таркибига кирувчи давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг Манамадаги саммитининг якуний декларациясида БМТдан Фаластин ҳудудларига тинчликпарвар кучларни юборишни талаб қилади. Бу ҳақда Ал Ҳадатҳ телеканали манбаларга таяниб хабар берди.
Унга кўра, Араб Лигасининг 33-саммити якунлари бўйича қабул қилиниши мумкин бўлган ҳужжат лойиҳасида БМТ Хавфсизлик кенгаши Фаластин муаммосини ҳал қилишда икки давлат тамойилини амалга ошириш учун бевосита жавобгар бўлиши кўрсатилган.
Бундан ташқари, декларацияга мувофиқ, Ғазо секторида доимий ўт очишни тўхтатиш бўйича қабул қилинган резолюцияларнинг бажарилишига эришиш керак бўлади.
Декларация лойиҳасида Қизил денгизда навигация хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳамда Яман, Сурия ва Судандаги инқирозларни ҳал қилиш йўллари ҳам кўриб чиқилади.
Араб Лигаси саммити бугун, 16 май куни Манамада бошланади ва унда асосан Ғазо секторидаги вазият муҳокама қилинади.
Изоҳ (0)