Туркия ҳарбийлари 15 май куни Ироқ шимолида Курдистон ишчи партиясига алоқадор 12 нафар жангарини йўқ қилган. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлиги баёнотига асосланиб, Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, чоршанба куни Туркия қуролли кучлари Гара ва Ҳакурк минтақаларида ҳаво ҳужумларини амалга оширган. Турк қуролли кучлари махсус операция ўтказаётган ҳудудга кириб келган жангарилар нишонга олинган.
Расмийлар жангарилар 12 нафар бўлганини маълум қилган. Улар бевосита Курдистон ишчи партияси аъзолари бўлгани хабар қилинган.
“Минтақада битта ҳам террорчи қолмагунча операцияларимизни тинимсиз давом эттирамиз”, — дейилган Туркия Миллий мудофаа вазирлиги хабарида.
Вазирлик расмийлари Курдистон ишчи партияси шимолий Ироқ ҳудудидан Туркияга қарши террорчилик ҳужумларини тайёрлаш учун бошпана сифатида фойдаланаётганини хабар берган.
Маълумот ўрнида, Курдистон ишчи партияси 40 йилдан ортиқ вақтдан бери Туркия ва Яқин Шарқ ҳудудида террорчилик ҳужумлари ташкил этиб келади. Партия расман Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. Партия уюштирган терактлар оқибатида умумий 40 минг нафардан ортиқ одам, жумладан, аёллар, болалар ва гўдаклар ҳалок бўлгани хабар қилинади.
Изоҳ (0)