Хоразм ва Тошкент вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Д.Д. ва А.Д. исмли шахслар фуқаро Ш.А.дан жами 3,3 минг долларни 41,9 миллион сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ш.Э. ва А.Д. фуқаро М.М.га 3 минг долларни 38,2 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижон ва Қашқадарё вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро ва Хоразм вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинган эди.
Изоҳ (0)