Ғазо секторига Исроил мудофаа кучлари томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида камида 26 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотларга асосланиб, Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, сўнгги 24 соатда ҳужумларда ҳалок бўлганлар сони 26 нафарга етган. Камида 51 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохоналарга жўнатилган. Расмийлар яқин орада қурбонлар сони ошиши мумкинлигини билдирган.
“Исроил босқинчилари Ғазо секторида ўтган 24 соат ичида учта қирғин амалга оширди. Бунинг натижасида 26 киши ҳалок бўлди ва 51 киши яраланди”, — дейилади вазирлик баёнотида.
Ҳужумдан сўнг кўплаб фуқаролар вайроналар остида қолиб кетгани хабар қилинган. Ҳудудга қутқарув гуруҳлари ва ёрдам беришни истаган кўплаб маҳаллий кўнгиллилар жалб қилинган.
Маълумотларга кўра, октябрь ойидан бери Ғазо секторида камида 34 622 фаластинлик, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Яраланганлар сони 77 867 нафарга етган..
БМТ маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога қарши уруши озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармонларнинг кескин танқислиги шароитида ҳудуд аҳолисининг 85 фоизини ички кўчишга мажбур қилган. Анклав инфратузилмасининг 60 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган.
Исроил Халқаро судда геноцидда айбланмоқда. Суднинг январь ойида чиқарган қарори Тель-Авивга геноцид ҳаракатларини тўхтатиш ва Ғазодаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатилишини кафолатлаш чораларини кўришни буюрди. Исроил талабларни очиқча рад этди.
Изоҳ (0)