22 январь куни АҚШнинг Иллинойс штатида иккита турар жой биносига уюштирилган ҳужум оқибатида етти киши ҳалок бўлди. Оммавий қотилликда гумон қилинган шахс ўз жонига қасд қилди.
ABC News телеканали хабар беришича, маҳаллий полиция ушбу ҳодисани сўнгги ўттиз йилликдаги энг шафқатсиз жиноятлардан бири деб атади. Гумонланувчи 23 ёшли йигит ўз жонига қасд қилган.
Жолиет шаҳридаги иккита уйда ўқ теккан етти кишининг жасади топилди. Иккала уйнинг эгалари бир оила аъзоси бўлган. Гумонланувчи қидирувга берилган. 22 январь куни кечки пайт полиция Техасда қотилликда гумон қилинаётган шахснинг изига тушди. Техас полицияси билан қисқа муддатли “тўқнашув”дан сўнг эркак ўз жонига қасд қилди.
Жолиет полицияси бошлиғи Билл Эванснинг айтишича, қирғин унинг фаолиятидаги энг даҳшатли жиноят саналади.
“29 йилдан бери полицияда ишлайман. Бу мен кўрган энг ёмон жиноят жойи бўлса керак”, — дейди Эванс.
Полиция маълумотларига кўра, қотил ўз қурбонлари билан таниш бўлган. Жиноят содир этилгунга қадар у яна иккита ҳужумда гумонланиб қидирувга берилган эди. 21 январь куни гумонланувчи яна икки эркакни ўқотар қурол билан яралаган, улардан бири кейинроқ касалхонада вафот этган.
Иллинойс полицияси қотилнинг мақсадини ҳали аниқламади. Тахминларга кўра, унинг ўз қурбонлари билан шахсий ҳисоб-китоблари бўлган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)