Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Чиноз туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Б.О. исмли шахс фуқаро М.А.нинг ишончига кириб, унга юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳеч қандай имтиҳонларга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 1,2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса М.А. исмли шахс фуқаро Э.М.га гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида имтиҳонларга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Февраль охирларида Ўзбекистоннинг тўртта ҳудудида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган шахслар ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)