Андижон вилояти Булоқбоши туманида хитойлик инвесторлар ҳамкорлигида қурилган цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, завод йилига ўртача 2,5 миллион тонна (кунда 6 минг тонна) тайёр цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 250 миллион долларни ташкил этиб, Хитойнинг Conch International Holdings Limited, Zhejiang Shangfeng Building Materials Cо Ltd компанияларининг тўғридан тўғри инвестициялари асосида амалга оширилган.
Лойиҳанинг экспорт салоҳияти йилига 10 миллион долларни ташкил этади, шунингдек, 750 та иш ўрни яратилди. Завод учун жами 74 гектар ер майдони ажратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни ўтказган йиғилишда йил якунига қадар 112 та йирик саноат корхонаси ва барча цемент ишлаб чиқарувчиларда замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва эскиларини алмаштириш, ҳавога чанг ташлаш даражаси юқори бўлган корхоналарда филтрларни янгилаш муҳимлиги таъкидланганди.
Изоҳ (0)