Эрон суди мамлакатнинг машҳур рэпери Тумаж Солиҳийни 2022 йилги намойишларни очиқ қўллаб-қувватлагани учун ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда TRT хабар берди.
Маълум қилинишича, 33 ёшли рэпер икки йил муқаддам ҳибсга олинган, бироқ рэперга нисбатан ўлим жазоси янада каттароқ норозилик тўлқинига сабаб бўлишидан қўрқиб, унга ҳукм энди чиқарилган.
Солиҳий 2022 йил 18 ноябрда гаров эвазига озод қилинган, бироқ икки ҳафтага бормай қайта ҳибсга олинган. 25 апрель куни Эрон суди рэперни ўлимга ҳукм қилган.
У ҳукм устидан Олий судга шикоят қилиши учун 20 кун бор. Агар суд ҳукми ўз кучида қолса, амнистия бўйича Суд комиссияси рэпер ишини кўриб чиқиб, жазони ўзгартириши мумкин, дейди суд бўлими.
Тумаж Солиҳий 2022 йил октябрь ойида Эронда ёш курд аёл Маҳса Аминий ўлими ортидан бошланган намойишларни очиқ қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинганди. У “интернетда ёлғон ва давлатга қарши ташвиқот” тарқатиш, шунингдек, одамларни зўравонликка ундашда айбдор деб топилган. Эронда минглаб одамлар Солиҳийнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқда.
Изоҳ (0)