АҚШ Сенатининг разведка қўмитаси раҳбари Марк Уорнер ҳафта охиригача Украина Қўшма Штатлардан қурол-яроғларнинг янги партиясини олиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда тегишли манбаларга таяниб, Deutsche Welle хабар берди.
Ёрдам пакетида 300 километргача узоқликдаги нишонларни уриб туширишга мўлжалланган ATACMS ракеталари ҳам бор.
Қурол-яроғлар АҚШ президенти Жо Байден қонун лойиҳасини имзолаши биланоқ жўнатилади, — дея қўшимча қилган Уорнер.
ATACMS ракеталари Украинага Россия томонидан босиб олинган мамлакатнинг барча ҳудудларидаги нишонларни уриш имконини бериши айтилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ATACMS аэродромлардаги самолётлар, ҳаво мудофаа тизимлари, нефтни қайта ишлаш заводлари ва юк машиналари билан логистика марказлари каби нишонларга қарши самарали.
20 апрель куни республикачилар ва АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси бир неча ойлик қарама-қаршиликлардан сўнг Украинага қарийб 61 миллиард доллар миқдоридаги кенг кўламли ёрдам пакетини маъқуллади. Қонун лойиҳасини 311 конгрессмен маъқуллаган, 112 киши қарши овоз берган.
Қуйи палата маъқуллаганидан кейин қонун лойиҳаси Сенат томонидан қабул қилиниши керак. Овоз бериш 23 апрелга белгиланган. АҚШ президенти Жо Байден бу ҳужжатни дарҳол имзолашини айтган.
АҚШ қонун чиқарувчи органида демократлар ва республикачилар ўртасидаги Украинага кейинги ёрдам масаласидаги зиддият 2023 йил охиридан бери давом этмоқда.
Изоҳ (0)